Республика музейлари фондларида жами 2,5 миллиондан зиёд музей ашёлари ва коллекциялари мавжуд бўлиб, шундан 2 миллионга яқин экспонатлар асосий фондда сақланади. 500 мингдан зиёди илмий-ёрдамчи фонддаги музей ашёлари ва коллекциялари ҳисобланади.
Ўтган йилда музейлар ва дирекцияларга 4 миллиондан ортиқ маҳаллий ва хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Музейлар ва дирекциялар томонидан маҳаллий ва хорижий ташриф буюрувчиларга жами 20 миллиарддан зиёд пуллик хизмат кўрсатилган.
Дунёдаги барча халқлар каби ўзбек халқи ҳам жуда қадим даврлардан буён халқ руҳияти, турмуш шароитларини ўзида акс эттирувчи амалий санъат асарларини яратиб келган. Табиийки, моддий маданият маҳсули бўлган халқ амалий санъат асарлари ижтимоий ҳаётнинг бир босқичидан иккинчисига мерос бўлиб ўтиб, авлодларнинг беқиёс маданий бойлигига айланиб бораверади.
Илм-фан ва маданият ривожида музейларнинг ўрни табора ўсиб бораётгани боис тегишли қонунчиликка асосан 2022 йил 1 июлдан бошлаб давлат музейларига ташриф буюрувчиларга ҳар куни соат 22:00гача хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилган.
Ҳар бир музей ўзининг йўналиши, экспонатлари билан ўзига хос. Хусусан, пойтахтга ташриф буюрувчи меҳмонларни ўзига чорловчи Ўзбекистон тарихи давлат музейи 1943 йилдан бошлаб Ўзбекистон Фанлар академияси таркибида фаолият олиб бормоқда.
Ўтган 2022 йилда Ўзбекистон тарихи давлат музейидан Луврдаги кўргазма учун ўттиздан ортиқ экспонат саралаб олинган. 6 дона экспонат ҳамда этнография фондидан қирқдан ортиқ экспонат Араб дунёси институтдаги кўргазма учун танлаб олинган. Улардан 14 дона экспонат намойиш этиш учун тақдим этилган. Мазкур музей фондларига жами 3 минг 229 дона буюм қабул қилинган. Булар ичида археология, нумизматика, этнография, табаррук буюмлар, қурол-аслаҳа, бадиий асарлар, архив ва ноёб китоблар мавжуд.
Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи матншунослик ва адабий манбашунослик, фольклоршунослик, архившунослик соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб борувчи ҳамда Ўзбекистон халқларининг моддий ва маънавий бойликларини сақлаб (қўлёзма, босма китоблар, архив ҳужжатлари), нодир ашёлар (ранг-тасвир намуналари, картиналар, халқ ҳунармандчилиги намуналари, ижодкорларга тегишли ноёб буюмлар)ни экспозиция орқали намойиш ва тарғиб қилувчи илмий ва маданий-маърифий муассасадир.
Адабиёт музейининг асосий вазифаси музей фондида сақланаётган Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби алломаларимизнинг қўлёзмаларини илмий тадқиқ этиш, уларнинг илмий-танқидий матнларини яратиш, шулар асосида электрон каталоглар тайёрлаш ва ноёб қўлёзмаларнинг факсимил нашрларини амалга оширишдан иборат.
Ўзбекистон давлат санъат музейида ўзбек халқининг бебаҳо ва бетакрор санъат асарлари ўрин олган. Бугун мавжуд музейларда тарихий ва замонавий билимларни эгаллаган билимдон мутахассисларнинг фаолият олиб бориши халқимизнинг ўтмишга, тарих ва маданий меросга бўлган ҳурмат ва эҳтиромини янада оширишга хизмат қилади.