Қайд этилишича, 2022 йил 10 — 15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида II Халқаро Ҳунармандчилик фестивали ўтказилади. Фестивалга иқтидорли ҳунармандлар ва истеъдодли ёшларни жалб қилиш мақсадида “Мен Қўқонга бораман” шиори остида икки босқичдан иборат кўргазма ва кўрик-танлов ташкил этилади. 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта сентябрь ойида Халқаро кулолчилик форуми ва кулолчилик маҳсулотлари кўргазма-савдоси ўтказилади.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 29 апрелдаги “Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда май ойида Бухоро шаҳрида Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали ҳамда унинг доирасида илмий-амалий конференция, кўрик-танлов, тақдимот ва кўргазмалар, театрлашган концерт-томоша дастурлари, маданий-маърифий ва тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилади.
“Ҳунарманд” уюшмаси, “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси, Савдо-саноат палатаси, Бадиий академия, Туризм ва спорт вазирлиги, Бухоро вилоят ҳокимлиги вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати тузилиб, фестивал логотипи учун ижодий танлов эълон қилинди. Ижодий танловга 58 та логотип лойиҳалари тақдим этилиб, ҳакамлар ҳайъати 5та логотип лойиҳасини танлади. Ушбу логотип лойиҳаларини кўриб чиқиб, тасдиқлаш учун ташкилий қўмитага тақдим этилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий мамлакатларнинг заргарлик тармоғи вакиллари, хорижий инвесторлар, экспертлар ва мутахассисларни жалб этган ҳолда “Uzbek Jewellery Fair” заргарлик саноатининг замонавий асбоб-ускуналари, технологиялари ва буюмларининг йиллик халқаро кўргазма-савдоси ўтказилади. Бухоро шаҳрида “Ипак ва зираворлар” анъанавий халқаро фестивали ҳам ўтказилади
Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги "Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан 2022 йилдан бошлаб “Ўзэкспомарказ” павильонларида “Craft fair Uzbekistan” халқаро ҳунармандчилик маҳсулотлари ва технологиялари ярмаркаси ташкил этилади
Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Сайилгоҳ кўчасида ҳар йили мустақиллик байрами арафасида «Тошкент сувенирлари» кўргазма-ярмаркаси ташкил этилади.
Ёш ҳунармандлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ва соғлом рақобатни йўлга қўйиш мақсадида «Ёш ҳунармандлар» фестивалини ўтказилади. Бунда, мазкур фестивалнинг туман ва шаҳар ҳамда вилоят босқичларида сараланган ёш ҳунармандлар иштирокида республика босқичини Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида юксак даражада ўтказиш кўзда тутилган.
2022 йил февраль ойида Республика "Ҳунарманд" уюшмаси томонидан “Ҳикматлар олами” II халқаро ҳаттотлик фестивалини ўтказилади.