Қайд этилдики, Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамияти органи бўлиб, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишни таъминлашга кўмаклашади.
Кенгаш вазифаларидан келиб чиққан ҳолда профессионал судьялар корпусини шакллантириш, тизимни малакали, ҳалол ва пок кадрлар билан тўлдириш, кадрлар салоҳиятини ошириш йўналишида Кенгаш томонидан 2021 йилда судьяларни тайинлаш, вакант лавозимларни тўлдириш бўйича очиқ ва ошкора ўтказилган танловлар натижасида 460 нафар судьялик лавозимига тайинланди.
2022 йилнинг 1-чорагида 76 нафар судья лавозимга тайинланди. 2021 йилда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар фаолияти ўрганилиб, камчиликка йўл қўйган 220 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилди. Бундан ташқари, 19 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилиб, вазифасидан озод этилди. 2022 йилнинг биринчи чорагида эса 22 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилиб, вазифасидан озод этилган бўлса, интизомий жавобгарликка тортилганлар 80 нафарни ташкил этади.
2021 йилда ваколат муддати тугаган 12 нафар судья навбатдаги муддатга нолойиқ деб топилган бўлса, 2022 йилнинг биринчи чорагида бу миқдор 4 нафарни ташкил этади. Судьялар олий мактабида 2021 йилда 73 нафар судьяликка номзод касбга тайёрланиб, шундан 62 нафари илк бор судьялик лавозимига тайинланди.
Судьялар дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашларнинг олдини олиш ва керакли чоралар қўллаш ҳам Судьялар олий кенгашининг устувор вазифаси ҳисобланади. 2021 йилда одил судловга аралашиш билан боғлиқ 4 та ҳолат бўйича хизмат текширувлари ўтказилиб, аниқланган ҳолатлар бўйича Судьялар олий кенгаши раиси томонидан Бош прокурорга ўз вақтида тақдимномалар киритилди.
Натижада айбдор шахсларга нисбатан 2 та жиноят иши ва 2 та маъмурий иш қўзғатилди. 2022 йил биринчи чорагида судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашиш бўйича ҳолат қайд этилмади. Бироқ судьялар дахлсизлигига таъсир ўтказиши эҳтимоли юз берган ҳолатлар бўйича кенгаш матбуот хизмати томонидан 3 марта баёнот берилиб, воқеликка муносабат билдирилди.