«Fair tech» ягона ахборот тизимига солиқ органларидан келиб тушган маълумотлар асосида 2025 йил давомида тизимли чоралар кўрилди.
Ўрганишлар натижасида республика бўйича 765 та дорихонада (119 та улгуржи ва 646 та чакана) 267 мингдан зиёд ҳолатда дори нархлари асоссиз оширилгани маълум бўлди. Бунинг натижасида аҳолидан жами 7,95 миллиард сўм миқдорида ортиқча маблағ олинган. Қўмита аралашуви билан ушбу маблағлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Энг кўп қонунбузарлик ҳолатлари ва асоссиз даромад миқдори Сурхондарё, Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятига тўғри келмоқда. Жумладан:
- Сурхондарё вилояти: 53 та дорихонада 1,57 млрд сўм;
- Тошкент шаҳри: 173 та дорихонада 1,4 млрд сўм;
- Самарқанд вилояти: 57 та дорихонада 1,23 млрд сўм.
Бошқа ҳудудларда ҳам вазият жиддийлигича қолмоқда. Масалан, Бухоро вилоятида 929,4 млн сўм, Тошкент вилоятида эса 735,1 млн сўм миқдоридаги маблағлар истеъмолчилардан ноқонуний равишда ундирилган.
Қўмита нафақат маблағларни қайтариш, балки айбдорларга нисбатан қатъий чоралар кўриш ташаббуси билан чиқди. Лицензия талабларини қўпол равишда бузган дорихоналар бўйича тегишли маълумотлар Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига тақдим этилди. Бу эса мазкур дорихоналарнинг фаолиятини тўхтатишгача бўлган жазо чораларига сабаб бўлиши мумкин.
Рақобат қўмитаси дорихоналарнинг "қора рўйхати"ни очиқ эълон қилиб боришини ва дори воситалари бозорида нархларнинг сунъий оширилишига қарши кескин курашни давом эттиришини маълум қилди.
Бу каби ҳолатларга дуч келган истеъмолчилар қўмитанинг "Fair tech" тизими ёки ишонч телефонлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.