Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан республиканинг масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019-2021 йилларда умумий қиймати 2,9 млрд.доллар бўлган жами 265 та давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳалари бўйича ишлар олиб борилди. Шулардан сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳалар сони 105 тани ташкил этади.
Таъкидлаш керакки, ДХШ лойиҳалари бу аввало узоқ муддатли шартнома, битимлардир. Бу келишувнинг ўзига хос жиҳатлари шундан иборатки, лойиҳанинг хатари, молиявий манбалар ҳам хусусий сектор зиммасида бўлади. Мазкур лойиҳалар, аввало, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, соҳага замонавий техника ва технологияларни жалб қилиш, бюджет юкини енгиллатиш, ерларни мелиоратив ҳолатини яхшилаш, илғор бошқарув усулини жорий қилиш, сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш даражасини ошириш, янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020—2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тўғрисида”ги фармонига асосан, сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида 2020-йилда 5 та, 2025-йилгача 25 та ва 2030-йилгача 50 та лойиҳаларни амалга ошириш вазифалари белгилаб берилган.
Шу билан бирга, сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг амалга оширилишини жадаллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 апрелдаги “Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва сув хўжалиги обектларидан фойдаланишда давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам тасдиқланди.
Унга кўра, 2021 йилда истисно тариқасида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга бериш бўйича 100 та лойиҳа рўйхати шакллантирилди ва бунда 180 дан ортиқ сув хўжалиги объектларини хусусий шериклар бошқарувига бериш режалаштирилди.
Берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Давлат хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги Сув хўжалиги вазирлиги билан 2020-йилда 8 та ва 2021 йилда 97 та, жами 105 та лойиҳа бўйича хусусий шериклар билан ДХШ битими имзолади ва Агентликда ўрнатилган тартибда ДХШ лойиҳалари реестрига киритилди. Мазкур 105 та лойиҳанинг умумий қиймати 1 трлн 233,7 млрд.сўмни ташкил этди. Ушбу барча лойиҳалар Ўзбекистон Республикасининг Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонуни асосида тартибга солинади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармоннинг 2-иловаси билан тасдиқланган Давлат дастурининг 147-бандида Сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик шартларида насос станциялари ҳамда ирригация-мелиорация объектларини хусусий шериклар бошқарувига бериш бўйича 52 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган бўлиб, бугунги кунда ушбу лойиҳалар бўйича ишлар давом этмоқда. Хусусан, 10 та лойиҳанинг дастлабки лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилган, 20 та лойиҳанинг концепцияси тасдиқлаган ҳамда қолган лойиҳалар бўйича дастлабки лойиҳаолди ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.