Биринчидан, тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Шу йил 20 август куни тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқот доирасида, 7 та йўналиш бўйича  60 га яқин янги ташаббус ва таклифларни амалга ошириш учун алоҳида Дастур қабул қилинди.

Шавкат Мирзиёевнинг қайд этишича, бизнес соҳасига имкониятларни кенгайтириш, солиқ турлари ва унинг юкини камайтириш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилади.

2020 йилда қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилган эди. Бу – 100 минг тадбиркор ихтиёрида 10 триллион сўм маблағ қолади, дегани.

2023 йилдан бошлаб ушбу солиқ ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилади.

Келгуси йили корхоналарнинг мол-мулк солиғи ставкаси 2 фоиздан 1,5 фоизга камайтирилади ва бунинг натижасида тадбиркорлар ихтиёрида йилига 500  миллиард сўм маблағ қолади.

 Яна бир янгилик – 2023 йилдан юридик шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини бирлаштириб, ягона кўчмас мулк солиғи жорий қилинади.

Ҳозирги вақтда банк, молия, телекоммуникация каби тадбиркорлик йўналишларида фойда солиғи ставкаси ҳар хил бўлиб, улар амалдаги 20 фоиздан 15 фоизга туширилади ва барча тадбиркорлар учун бир хил бўлади.

Йўл қурилиши, иссиқлик таъминоти, ободонлаштириш хизматлари каби  25 та фаолият туридаги монополияга барҳам берилиб, энди бу соҳаларда тадбиркорлик субъектларига кенг йўл очилади.

Туман ва шаҳарлардаги мавжуд бир нечта тадбиркорликка кўмаклашадиган тузилмалар негизида Тадбиркорлар кенгаши ташкил этилади.