Қарорга кўра, қуйидагилар Ягона интеграциялашган рақамли платформа (Платформа)ни жорий этишнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди, жумладан:
- 2028 йил якунига қадар давлат органларининг камида 5 мингта маъмурий функциясини рақамлаштириш;
- давлат ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва эксплуатация қилиш харажатларини камида 30 фоизга қисқартириш ва бошқалар.
Платформа қуйидагиларни таъминлашга хизмат қилувчи “Рақамли ҳукумат” тизимининг технологик элементи ҳисобланади:
- давлат ахборот тизимларини яратиш, ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш ва уларнинг киберхавфсизлигини таъминлашда ягона архитектура, стандартлар, технологик ва ташкилий ёндашувларни қўллаш;
- қайта фойдаланиладиган рақамли компонентлар ва сервислардан фойдаланиш орқали давлат ахборот тизимларини ишлаб чиқишни тезлаштириш, стандартлаштириш ва харажатларни қисқартириш ва бошқалар.
2027 йил 1 январдан:
- давлат органлари томонидан ички ҳужжат айланмаси, қарорлар қабул қилиш ва келишиш ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш Платформа ва унинг рақамли компонентларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда амалга оширилади;
- Платформа доирасида давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ўртасида маълумот алмашинувини осонлаштириш мақсадида очиқ интеграция (Open API) тамойили жорий қилинади.