Ўтган йили Ўзбекистонга келган сайёҳларнинг сони кескин ўсиб, 11,5 миллионга, туризм экспорти эса 4,7 миллиард долларга етди.

2030 йилгача туристлар оқимини 2 карра ошириб, 20 миллионга етказиш режа қилинган. Бунинг учун элчилар Туризм қўмитаси билан янгича ёндашув ва ташаббус асосида ишлаб, энг йирик аутсорсинг компанияларни жалб этиши зарурлиги қайд этилди.

Бу борада Россия, Беларусь, Жанубий Корея, Германия, АҚШдаги элчилар олдига аниқ вазифалар қўйилди.

АҚШ, Буюк Британия, Индонезия, Россия, Франция ва Хитой элчихоналарида туризм ва маданият бўйича маслаҳатчи лавозимлари жорий этилади. Ушбу давлатлардаги элчиларимиз мазкур имкониятдан самарали фойдаланиб, туризм оқимини 2-3 карра оширишлари шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Бу йилдан АҚШ фуқаролари учун визасиз режим жорий қилинди. Ушбу мамлакатнинг 100 мингдан ортиқ ишчиси бўлган йирик компаниялари билан фаол музокара олиб бориб, жорий йил АҚШдан келаётган сайёҳлар сонини 2 каррага ошириш муҳимлиги қайд этилди.