Конрад Аденаур номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонасига  кўмагида ташкил этилган  семинар тренинг ҳам шу  мақсадга йўналтирилди. Ушбу тадбир вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлари коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг 220 нафардан ортиқ раҳбар ва ходимлари учун ўзаро тажриба алмашиш, малака ва кўникмаларини ошириш учун фаол мулоқот майдони бўлди.  

Таъкидланганидек, ҳозирги вақтда жами 111 та давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, шу жумладан, банкларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилган. Жорий йилнинг 1-чорагида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари томонидан 22 та давлат ташкилотлари ва идораларида жами 81 млрд 561,1 млн сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Бундан кўриш мумкинки, аксарият давлат ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғри йўлга қўйилиб, ўз фаолияти натижаси юзасидан ижобий натижаларни бермоқда.

Аммо коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини барча давлат ташкилотларида тўғри йўлга қўйиш, уларнинг самарадорлигини ошириш, улар томонидан коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш амалиётини тўлиқ шакллантириш борасида ҳал этилиши ва  амалга оширилиши лозим бўлган вазифлар ҳали талайгина.

Шу боис ушбу тренинг коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уларнинг фаолиятида кўп учрайдиган саволларни очиқ муҳокама қилиш, фаолиятни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларни амалиётга татбиқ этишдаги муммолар ва коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашиш ҳамда бу борада услубий ёрдам кўрсатишни кучайтириш мақсадида ташкил этилди.

Унда мутахассислар томонидан давлат ташкилотлари фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни тўғри баҳолаш, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва бошқариш, давлат харидлари жараёнларида контрагентларни текшириш, коррупциявий хатти-ҳаракатлар юзасидан хизмат текшируви ўтказиш, коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими ва бошқа муҳим мавзуларда тақдимотлар ўтказилди.

Тренинг давомида иштирокчилар соҳага оид муҳим ва фойдали  маълумотларни олиш билан бирга ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар орқали аниқлик киритиш ҳамда фаолиятларида дуч келаётган муаммо ва камчиликларни очиқ муҳокама қилиш имконига эга бўлди, деб хабар беради Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати.