Энг ачинарлиси, кимё фанидан лабаратория ишлари ўтказиш, қизиқ-қизиқ тажрибаларни ўқувчилар кўз ўнгида кўрсатиб беришга шароит йўқ эди.  Зеро, ҳар қандай назария амалиёт билангина хотирага мустаҳкам муҳрланади. Мана, фан олимпиадаларида эришган натижаларимиз эвазига туманда биринчи бўлиб бизнинг мактабни жиҳозлаб беришди. Сизлар замонавий кимё хонасида билим оляпсизлар.

Биринчи ўринда натижадорлик

“Йил ўқитувчиси” кўрик-танловининг бир неча бор туман, вилоят ғолиби бўлган Қўчқор Ортиқов кимё-биологияга қизиқиши бор ўқувчини кашф қилиб олса бас, уни дарров шогирдлари қаторига қўшади. Ҳар қандай иқтидорли ўқувчининг ота-онаси билан тушунтириш ишларини эринмай олиб боради. 2018 йилда “Мураккаб масалаларни ечиш ва уларнинг усуллари” мавзусидаги туман семинарида битта масалани 4-5 та усул билан ечиб, касбдошларининг чексиз ҳурматини қозонган Қўчқор ака қандай ишга қўл урмасин, унинг натижадорлиги, самараси ҳақида пухта ўйлайди. Яқин келажакда хусусий мактаб, ўқув маркази очиш режаси ҳам унинг узоқ ва пухта ўйланган ғоялари натижаси. 22 йил аввал олийгоҳларга киритиш борасида ўзи ўқиган мактаб рейтингини кўтаришга аҳд қилган. Қўчқор акада бу борада имконият ҳам, салоҳият ҳам бор. Зеро, водийда энг машҳур бўлган “Водил”, “Водий зиё” каби ўқув марказларида алмашилган тажрибалар, қоракўлча ўқитишга интилиш, мнемоникадан самарали фойдаланиш ўқитувчининг бошқалардан фарқли жиҳатларидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда қўшни қишлоқликлар ҳам Қўчқор аканинг меҳнатлари самарасини эшитиб, фарзандларини чуқур билим олсин, дея етаклаб кела бошлади. Айни пайтда мактаб дарсларидан сўнг 100 дан зиёд ўғил-қиз ундан кимё, биологиядан қўшимча таълим олмоқда. Ўтган йилги мураккаб вазиятда ҳам жонкуяр устоз тайёрлаган 20 нафар абитуриентнинг 17 нафари талабалик бахтига муяссар бўлди.

 Кимё — мўъжизакор фан

Бугун аксарият ёшлар кимё фанини ғоят қийин кўриб, уни математика билан тенглаштиради. Хўш, уларни фанга қизиқтириш учун нималар қилиш мумкин?

— Мен доимо кимёга эндигина қадам қўяётган ўқувчиларни чинакамига “Мўъжизалар олами”га олиб киришга ҳаракат қиламан. Энг қизиқарли кимёвий тажрибаларни гўёки циркда сеҳргар мўъжиза кўрсатгандек кўрсатиб бераманки, болалар ҳайратга тушиб, кимё тўгарагига қатнашиш истагини айтиб қолишади. Бундан ташқари, уларни ёзги таътилда албатта ишлаб чиқаришларга олиб боришимни айтаман. Чунки болаларга ишлаб чиқариш жараёни жуда қизиқ туюлади, — дейди Қўчқор ака.

Унинг ижодкорлигига яна бир ишора шуки, 7-синфларда дарсларнинг зерикарли бўлиб қолмаслиги учун ўзи шеърий топишмоқлар, тез айтишлар яратади. Элементларнинг синф доскасига ёзиб қўйилган фаоллик қаторини ёдлаб олган ўқувчи

 Фаоллик қаторида 5-ўринда туради

У сув билан шиддатли реакцияга киради

Бироз хушбўйдир ҳиди,

Бу — ?

калий оксиди, дея олади.

Нега қайнайди оҳак?

Қандай пайдо бўлди ранг?

Нега ёнади модда?

Жавоби эмас содда

тарзидаги топишмоқ шеърларга жавоб бериш эса ўқувчини ҳам тезкорлик, топқирликка, керак бўлса, ижодкорликка йўналтириши билан аҳамиятли. Фавқулодда шеърий саволга шеърий жавоб берадиган сўзамол ўқувчилар ҳам кашф этилади бу орқали.

“Ақлий заковат” ўйини эса қуйидагидек топшириқларга бой бўлади. “Геометрик фигуралар орасида шундай фигура борки, унинг охирги харфини бош ҳарфнинг олдига олиб ўтсак, кимёвий элемент номи ҳосил бўлади”. Агар болалар бром ҳосил бўлишини тезликда топа олишмаса, бунинг ҳам чорасини кўриб қўйган ўқитувчи доскага геометрик фигураларни ёпиштиради. Зеро, топишмоққа фигураларни кўрган ҳолда жавоб қидириш ўқувчи учун осон кечади. Шунингдек, “Калийнинг катиони каттами, калцийнинг катиони каттами”, “Баҳром барий, бром, бериллийларнинг барини билади” каби тез айтишлар кимёвий элементлар номини хотирага мухрлашдан ташқари нутқида нуқсони бор болаларнинг равон сўзлай олишида ҳам муҳим омил бўлади. Кўплаб ўқувчиларининг танаффус пайтида тез айтишларни такрорлаб юриши Қўчқор тугунмас куч, илҳом бағишлайди.

Фарзандларимизнинг талаба бўлишига ишончимиз ортяпти

Мактабда кимё фанига меҳри тушиб қолган ўқувчилар Қўчқор акага росмана шогирд бўлиш учун унинг этагидан маҳкам тутишга ҳаракат қилади. Аксариятининг ота-онаси ўғли ёки қизини оппоқ халат кийган врач сифатида тасаввур қилаётгани ҳам аниқ.

—Ўғлим бир ярим йилдан буён шу ўқитувчининг қўлида тайёрланяпти. Кўп ёшларни олийгоҳга киритган экан. Насиб қилса, фарзандим тиббиёт институти талабаси бўлади. Туман, вилоят олимпиадаларидаги ютуқлари бизга умид беряпти — деди опа Чимён қишлоғилик Камола опа.

“Қизим шу инсоннинг қўл остида ўқиб, биологияни юз фоиз, кимёни 80 фоизга ўзлаштириб олди”. Савай қишлоғидан келиб таҳсил олаётган Нилуфарнинг онаси Ирода Омонова ҳам қизининг бу кўрсаткичларидан қувониб, олийгоҳга киришига ишонч ҳосил қила бошлаганини айтди. Деҳқончек қишлоғида яшовчи биолог Хуршида опа Рахимова эса мутахассис сифатида Қўчқор аканинг салоҳиятини юқори баҳолади. У қисқа муддатда фарзанди Шермуҳаммаднинг фанга қизиқиши ортгани, институтга кириш истаги кучайганидан мамнун.

8-синфда ўқиётган фарзанди Лазизбекнинг туман олмпиадаларида энг юқори балга эга бўлиб, вилоятда ҳам яхши кўрсаткич бергани эса Гулбаҳор Тўйчиевада ўқитувчининг билим салоҳиятига бўлган ишончни янада орттирди.  

Хуллас, фарзанди Қўчқор акадан таълим олаётган қайси ота-она билан суҳбатлашманг, ҳудди шу тарздаги муносабатларни эшитасиз. Шунингдек улар, фарзандларининг нафақат ақлан, балки маънан ҳам юксалаётганидан миннатдор. Дарснинг нафақат таълимий, балки тарбиявий мақсадини ҳам маромига етказа оладиган моҳир педагогнинг мақсади — шогирдларининг юрт корига ярашидан ташқари чинакам инсоний фазилатларга ҳам эга бўлиши.

Дарҳақиқат, Қўчқор ака 20 йилдан зиёд педагоглик фаолиятида қишлоқдан хушмуомала фармацевтлар, шифокорлар етишиб чиқишига ҳисса қўшаётганида ана шу эзгу мақсади рўёбини кўради.

Чинакам фидойилар чарчамайди, уларга яратган барака бериб қўяди

Давлатимиз раҳбарининг маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида ёшларни ободонлаштириш, ҳовли ишларига жалб қилиш ўрнига ота-оналар бундай ишларни мардикор ёллаб қилдираётганини таассуф билан тилга олди.

Уйидаги ободонлик, боғдорчиликни мактаб ҳовлисида ҳам кўришни жуда-жуда орзу қилган, Қўчқор ака мактаб ҳовлисининг бир ёғида “Ёшлар боғи”, бир томонда “Фахрийлар боғи”ни ташкил қилиб, ўқувчилар ёрдамида улар парваришини ўз зиммасига олгани ҳам унинг фидойилигидан далолатдир. Бугун мактаб боғидаги хурмозор, олмазор, кичик лимонария ёшларни боғдорчиликка, дарахтларга муҳаббатли қилиб ўстиришга хизмат қиляпти. Мактаб директори Баҳтиёр ака Омонбоев билан боғланганимизда, устознинг ёш авлодни тарбиялашдаги бу каби жиҳатларини ҳурмат билан тилга олди. Қўчқор аканинг машаққатли меҳнатлари эвазига уч ўғлининг барчаси тиббиёт олийгоҳида ўқиётганини айтар экан, “Бир оиладан икки-уч нафар олий маълумотли етишиб чиқаверса, тасаввур қиляпсизми...”, —деди у фахрланиб. Шунингдек, ўғиллари яқин келажакда шу қишлоқда хусусий касалхоналар очишдек эзгу ният қилаётганларини ҳам қувонч билан қистириб ўтди.

Қўчқор аканинг фикрича, олий маълумотли бўлиш инсоннинг турмуш тарзини белгилайди. Шу маънода у олий маълумотлилар сафини кенгайтиришга бор кучини сарфлаяпти. Кечани кеча, кундузни кундуз демайди. Билими бор, аммо эътибордан четда қолган ёшлар устида ота-оналар билан кўпдан-кўп бахслар қилади, тушунтириш ишларини олиб боради. Унинг саъй-ҳаракатлари билан ўзи орзу қилганидек, қадрдон мактаби битирувчиларни олийгоҳларга киритиш бўйича туманда 2-ўринга чиқиб олди.

Шогирдларига ҳар доим фидойи бўлинглар, чинакам фидойилар чарчамайди, дейди. Илм, эзгулик йўлида борингизни сарф этсангиз-да, яратганнинг ўзи сизга барака ёғдириб қўяди, дея уқтиради. Унинг ҳар бир маслаги, ўгитларини қалбига жо этаётган йигит-қизлар эса олийгоҳда ўқишдек бахтга мушарраф бўлмоқдалар. 

Фахрим шуки, Ўзбекистоннинг чекка бир ҳудудидаги чекка қишлоқда бўлаётган бу ҳаракатлардан кўнглим тоғдек кўтарилди. Қўчқор аканинг эзгу ниятлари, юрт келажаги йўлидаги фидойилигига қалбан ҳайрихоҳлик билдирдим.

Муножат МЎМИНОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбирлари