Фарғона вилоят «Матбуот уйи»да бўлиб ўтган анжуманда жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар таҳлили, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан чиқарилган айблов ҳукмлари, жазо амалиёти, ишларни юқори инстанцияларда кўрилиш аҳволи, оқлов ҳукми, судланганлик ҳолати шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили, ҳуқуқий тарғибот ишлари, жисмоний ва юридик шахслар вакиллари қабули, Меморандумлар ижроси, қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда соҳага оид бошқа маълумотлар ҳақида ахборотлар маълум қилинади.
Хусусан, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг иш юритувига 3 минг 368 шахсга нисбатан 2 минг 715 та жиноят иши келиб тушган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 275 та кўп. Кўриб чиқилган 1 минг 483 та иш бўйича ҳукм чиқарилган. Тарафларнинг ярашуви натижасида 910 та ишлар тугатилган, 3 шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилиб, 220 та шахс суд залидан озод қилинган, 160 нафар шахс суд залидан қамоққа олинган.
Иқтисодий судлари томонидан кўриб чиқилган 1 минг 787 та ишлар таҳлилига кўра, судларда коммунал хизмат кўрсатиш, кредит шартномаси, тадбиркорлик субъектларининг банкдаги ҳисоб варақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш, банкрот деб топиш билан боғлиқ низолар кўпайган. Олди-сотди ва контрактация шартномаси, пудрат ва юк ташиш ҳамда лизинг шартнома шартларини бажариш билан боғлиқ низолар камайган.
Фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Ўтган даврда 12 минг 335 та фуқаролик ишлари кўриб чиқилди. Фуқароларга қулайлик яратиш, узоқ масофа йўл босиб суд биноларига келиб – кетишларининг олдини олиш мақсадида “E-XSUD” миллий электрон ахборот тизими жорий қилингани судларга бевосита электрон тизим орқали мурожаат қилиш имкониятини берди.
Шу кунга қадар, кўрилган ишлардан 10 мингдан ортиғи шу тизим орқали келган мурожаатлар ҳиссасига тўғри келади. Барча даъво аризалар инсон омили аралашувисиз тақсимланмоқда. Яратилган дастур асосида ишни қўзғатиш, тайинлаш, ишни кўриш муддати, топширилмаётган, якуний қарор бириктирилмаётган ва ижро юбориш муддати бузилаётган ҳолатлар юзасидан доимий назорат ўрнатилиб, кунлик таҳлили ўтказилиб натижалари бўйича қабул қилинаётган қарорлар (ажримлар) ахборот тизимга жойлаштирилмоқда. Бу амалиёт судлар фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, суд қарори ёки ажримларни монеликсиз олиш имкониятини бермоқда.
Анжуманда суд–ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган очиқлик, ошкоралик ва қонун нормаларига киритилган ўзгаришлар хусусида маълумотлар берилди.
Расулжон Камолов,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.