Тадбирнинг асосий мақсади Афғонистонда барқарорлик, хавфсизлик, урушдан кейинги тикланишга кўмаклашиш, кўп миллатли афғон халқи ва бутун дунё манфаатлари йўлида ушбу мамлакатни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига интеграциялашуви масалалари бўйича жаҳон ҳамжамиятининг ёндашувларига доир комплекс чора-тадбирлар ва таклифларни ишлаб чиқишдан иборатдир.

Мазкур анжуман 2018 йил 27 мартда ўтказилган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси ҳамда 2021 йил 15-16 июль кунлари бўлиб ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги Тошкент халқаро конференциясининг мантиқий давоми бўлади.

***

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги 2022 йил 1 июлдан Афғонистон бўйича халқаро конференцияни ёритиш учун миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказишни бошлайди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Шунингдек, хабар орқали Тошкент конференциясида иштирок этиш истагида бўлган оммавий ахборот воситалари вакиллари Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ёки press@mfa.uz электрон почтаси орқали Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозимлиги қайд этилган:

1) манфаатдор ОАВ раҳбариятининг мухбир(лар)ини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги мурожаат хати;

2) ОАВ ҳақида маълумот;

3) аккредитация қилинадиган шахснинг таржимаи ҳоли ва паспорти нусхаси;

4) аккредитация қилинадиган шахснинг 700х700 дпи форматида фотосурати (юқори аниқликда, қатъий тўғрига қараган ҳолда, оқ фонда);

5) тўлдирилган саволнома.

Ҳамда ҳужжатлар 2022 йил 15 июль соат 18:00 га қадар (Тошкент вақти билан) қабул қилиниши маълум қилинган.