Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йилдан буён декабрь ойининг ҳар иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни этиб белгиланган. Сана муносабати билан ҳар йили соҳада самарали фаолияти ва фидокорона меҳнати билан қишлоқ хўжалиги ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда уларнинг ҳудудий ташкилотлари ходимлари, олимлар ва мутахассислар «Қишлоқ хўжалиги фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирланадилар.
Санага бағишланган тантанали йиғилишда жорий йилда 97 та пахта-тўқимачилик, 149 та мева-сабзавотчилик, 77 та ғаллачилик, 35 та шоличилик, 7 та доривор ўсимликлар етиштиришга ихтисослашган кластерларнинг самарали фаолияти йўлга қўйилганлиги таъкидланди.
Шунингдек, 20 мингга янги интенсив боғлар ва 17,7 минг гектар токзорлар барпо этилиб, шундан яроқсиз ва иқтисодий самарасиз 15 минг гектар боғ ва 4,7 минг гектар токзорлар бузилиб, реконструкция қилинганлиги, озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бўйича 265 та лойиҳа амалга оширилиб, 3,3 мингга яқин янги иш ўринлари яратилганлиги алоҳида тилга олинди.
Натижада, мева-сабзавотларни қайта ишлаш қувватлари 2,6 миллион тоннани, қайта ишлаш даражаси 14 %ни (ўсиш 101,2%), гўштни қайта ишлаш қувватлари 230 минг тоннани ва даражаси 15,6%ни (101,4%) сутни қайта ишлаш қуввати 2,5 миллион тоннани ва даражаси 24%ни (102%)ни ташкил этди.
Маросимда соҳада самарали фаолияти ва фидокорона меҳнати билан қишлоқ хўжалиги ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган
250 га яқин соҳа ходимларига «Қишлоқ хўжалиги фидойиси» кўкрак нишони, пул мукофоти тантанали топширилди, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.