Йилнинг муҳим спорт воқеликларидан бири, дея эътироф этилаётган III Тошкент халқаро марафони олдидан ўтказилган матбуот анжуманида таъкидланишича, мазкур спорт тадбирининг нуфузи йилдан йилга ортиб бормоқда. Буни иштирокчилар сонининг ўсишида ҳам кўришимиз мумкин. Агарда 2019 йили ўтказилган дастлабки мусобақада мингга яқин ҳаваскор ва профессионал спортчилар қатнашган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 1600 га яқинлашган. Бу йилги мусобақада эса иштирокчилар сони икки минглик довондан ҳам ўтиши кутилмоқда.
Халқаро спорт тадбирини марафон (42,195 км), яриммарафон (21,0975 км), экиден (5 км+10 км+5 км+10 км+5 км+7,195 км) ва 3 км масофада ўтказиш, иштирокчиларни замонавий ахборот коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда рўйхатга олиш белгиланди.
Марафон ҳамда ярим марафон мусобақаларида 18 ёш ва ундан юқори бўлган профессионал спортчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга. Улар медаль, диплом ҳамда қимматбаҳо совғалардан ташқари Токио-2020 Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун ҳам кураш олиб боради.
Экиден марафон Тошкент халқаро марафонининг янги йўналиши бўлиб, ҳозирда унга қизиқиш тобора ортиб бормоқда.
Экиденнинг умумий узунлиги ҳам худди марафон сингари 42 км 195 метрни ташкил этади. Фақат, бунда белгиланган масофа бир киши эмас, балки 6 нафар иштирокчи томонидан босиб ўтилади.
Матбуот анжуманида таъкидланишича, экиден йўналишидаги мусобақаларда иштирок этиш учун айни пайтга келиб 50 га яқин жамоа рўйхатдан ўтган. Онлайн тарзда рўйхатга олиш жараёни 27 март куни кечқурун якунланишини инобатга олсак, баҳсларга яна 10-15 тача жамоа қўшилиши мумкин.
Эпидемиологик вазият туфайли халқаро марафонда кўплаб хорижий давлатлар вакиллари қатнашолмаяпти. Аммо мамлакатимизда фаолият олиб бораётган дипломатик корпус вакиллари анчагинани ташкил этмоқда.
Марафоннинг бошланиш нуқтаси – Афросиёб кўчасида, “Humo Arena” муз саройи ёнида бўлиб, қатнашчилар марафон давомида Тошкент шаҳрининг марказий кўчалари, жумладан Бешёғоч, Ойбек, Нукус ва Абдулла Қодирий кўчаларини югуриб ўтишади.
Марафонга соат 8:00 да старт берилади.