Лойиҳада нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатлар расмийлаштирилганлиги учун ундириладиган давлат божини шаффофликни таъминлаш мақсадида:

кўчмас мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ шартномаларни тасдиқлаш;

мол-мулкни ижарага бериш шартномасини тасдиқлаш;

мол-мулкдан текин фойдаланиш шартномаларини тасдиқлаш;

автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш шартномаларини тасдиқлаш;

гаров, ипотека ва лизинг шартномаларини тасдиқлаш;

қарз шартномаларини тасдиқлаш;

автомототранспорт ишончномаларини ва автомототранспортдан текин фойдаланиш шартномаларини ҳамда қарз шартномасидан келиб чиқиб чиқадиган пул суммасини ундириш бўйича ижро хатларини ёзиб беришда ундириладиган давлат божи оптималлаштирилмоқда. Яъни, илгари дифференциал тарзда ҳисобланадиган давлат божи қатъий ставкаларда белгиланиши таклиф этилмоқда.

Мисол учун: бугунги кунда 3 йиллик “COBALT” автомобилининг олди-сотди шартномасини нотариал тасдиқлатиш учун давлат божи 1 млн 650 минг сўм ҳисобланса, 7 йиллик транспорт бўйича 1 млн 80 минг сўм давлат божи ундирилади.

Вазирлик томонидан илгари сурилган таклифлар амалга оширилса, барча турдаги автомобилларнинг олди-сотдисида давлат божи 810 минг сўмни ташкил қилади.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида давлат божи суммаси оптималлашиб, уни ҳисоблашда шаффофликка эришилади ҳамда хар йили 290 млрд сўмга яқин маблағлар аҳоли ихтиёрида қолади.

Адлия вазирлиги
жамоатчилик билан алоқалар бўлими