Ёшлар медиа ҳафталигидан кўзланган мақсад иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, юз бераётган ижобий ўзгаришларни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда фаол ва холис ёритишда ёшлар иштирокини кучайтиришдан иборат.
Медиа ҳафталик дастуридан халқаро конференция, очиқ мулоқот, журналистикага қизиқадиган иқтидорли ёшлар учун тақдимот маросимлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда журналистика бўйича таълим берувчи олий таълим муассасалари ўртасида меморандумлар имзолаш, ёш журналистларни тақдирлаш маросимлари, ёшлар медиа студиялари тақдимотлари, янги фильмлар премьералари ҳамда «Журналистлар баҳори» медиа-фестивали ўрин олган.
Медиа ҳафталик тадбирлари пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтади.
Ҳафталикка тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини мувофиқлаштириб бориш мақсадида Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари (ЎзEОАВМА) ва Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ишчи штаб ташкил этилди ҳамда ҳафталик дастури ишлаб чиқилди.
Мазкур миллий медиа дастури Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, ЮНEСКО ва Конрад Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари сингари қатор давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда тайёрланмоқда.
Дастур ЎзEОАВМА фаолиятини кенгайтириш, ахборот сайтлари ва ижтимоий тармоқларни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик, республика ҳудудидаги нодавлат электрон ОАВларни янада ривожлантириш, ёш журналистлар учун кенг имкониятлар яратиш каби 60 та лойиҳани қамраб олган.
Медиа ҳафталик кун тартибидан ёш кино ижодкорларнинг «Шумбола» кинофестивали ҳам ўрин олган.
Тадбир давомида, шунингдек, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ЎзEОАВМА билан ҳамкорликда ташкил этилган мультимедиа студияси ҳамда «Пойтахт» радиоси билан ҳамкорликда ташкил этилган талабалар радиостудиясининг тантанали очилиш маросими ва тақдимотлари ўтказилади.
Бундан ташқари, ёш журналистлар ҳамда киноижодкорлар иштирокида пичинг, семинар-тренинг ва маҳорат дарслари ташкил этилиши назарда тутилмоқда. Уларга хорижий ва маҳаллий таниқли журналистлар ва бошловчилар жалб этилади.