Бироқ, андижонликлар учун бу катта қадрият ифодасидир. Сабаби, нафақат, Андижонда, балки ўзбек халқида пичоқ мардлик, жасурлик, ғурур ва ифтихор ифодаси ҳисобланган. Яқин-яқинда ҳам ота-боболаримиз белига белбоғ боғлаб, бир томонига безакдор қинга солинган шаҳрихон пичоғини осиб юрганлар. Уйда ёлғиз қолган одам ёстиғининг остига пичоқ қўйиб ётган. Бу кутилмаган босқинчиликка қарши ҳамла учун эмас, балки ёлғизликдаги хамрохлик ифодаси ҳисобланган. Намоз ўқиётган киши жойнамоз қаршисига пичоқ қўйиб қўйган. Шундагина унинг қаршисидан ўтиш мумкин бўлган. Дастурхонда пичоқ турса фотиха қилинмаган. Боиси, пичоқ дуони кесади, деб ўйлашган. Буларнинг барчаси кимлар учундир бўлмағур одатлардек туюлади. Бироқ, ота-боболаримизнинг бутун умри давомидаги ҳаракатларида пичоқ шу тариқа муҳим аҳамият касб этган.

Шу боис бўлса керак Андижонда пичоқчилик ривожланган. Хусусан, Қорасув, Андижон, Асака шаҳарларида пичоқчилар фаолияти шаклланган. Ҳунармандчиликнинг ушбу тури билан ўнлаб темирчилар рўзғор тебратган. Бироқ, Шаҳрихонда бутун маҳалла, юзлаб темирчилар пичоқчилик ҳунарини қарийб, 300 йилдан буён қадрлаб келмоқдалар.

Шаҳрихонда пичоқчилик тарихи 1800 йиллардан бошланган. Қўқон хони Амир Умархон Шаҳрихон ҳудудларини ўзлаштира бошлаган кезлари Марғилондан бир гуруҳ ҳунармандларни олиб келади. Улар орасида пичоқчи Исломхўжа ҳунарманд ҳам бўлган. У дастлаб бир ўзи шуғулланган. Кейинчалик ўғилларини ёнига олган. Шогирдлар етиштирган. Қарабсизки, вақтлар ўтиб туманда пичоқчилар маҳалласи бунёд бўлган.

Бугунги кунга келиб хонлар шаҳри аталмиш Шаҳрихонда 300 нафардан ортиқ ҳунармандлар айнан пичоқчилик билан машғуллар. Улар томонидан ясалган рўзғор буюмлари бутун республикамиз ички бозорида ўз харидорларига эга. Исломхўжа пичоқчи бошлаб берган анъанани давом эттираётган сулола вакили Раҳматхўжа Алихўжаев эса уларнинг устози.

Андижонда Эшон ака номи билан танилган мақоламиз қаҳрамони илк бор 14 ёшида мустақил тарзда биринчи пичоғини ясаган. Орадан ўтган йиллар уни меҳнатда тоблади, янги андозалар олишга ундади, Шаҳрихонгагина хос бўлган жиҳатларни сақлаб қолган ҳолда кейинги авлодга мерос қолдириш ибратини берди.

-Ўзбекистонда пичоқ турлари жуда кўп,-дейди Эшон ака биз билан суҳбатда. –Лекин уларнинг барчаси бир-биридан фарқ қилади. Масалан, воҳаликлар нисбатан оғир, қалин пичоқларга ўрганишган. Шаҳрихон пичоқлари эса енгиллиги ва тиғининг ўткирлиги билан ажралиб туради. У деярли танасининг 90 фоиз қисми билан кесади. Сопига ишланган безаклар қиммат тошдан ясалган. Бир қарашда ҳақиқий санъат асарини эслатади.

Аслида ҳам шундай. Биз Эшон ака хонадонида ташкил этилган мўъжазгина музейни айланар эканмиз, бу ердаги 50 турдан зиёд пичоқларни кўриб, бир-бирини такрорламас жиҳатларни илғадик.

-Пичоқчилик мен учун нафақат, даромад манбаи, балки, ҳаётим мазмуни. Мен унда турли образлар яратаман. Қай бирида жасурлик, мардлик ўз ифодасини топса, бошқасида шижоат, кучлилик акс этади. Ҳар бир маҳсулотим ўзига хос маънодан ҳикоя қилади.

Республикамиз мустақилликка эришгач, ҳунармандларга яратилган. шароит, мавжуд имкониятлар Раҳматхўжа ака фаолиятида янги босқичларни бошлаб берди. Натижада 1995 йили ЮНEСКО ташкилотининг 50 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган халқаро ҳунармандлар кўргазмасида иштирок этди. 2003 йили Франция давлатида бўлиб ўтган «Сифат белгиси» халқаро кўргазмасида 166 та давлат вакиллари орасидан унинг фаолиятига юқори баҳо берилиб, 1-даражали диплом ва Олтин кубок билан тақдирланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонидан кейин республикамизда ҳунармандлар фаолиятида кескин бурилиш юзага келди. Натижада улар даромад солиғи ва божхона тўловларидан озод этилдилар. «Ҳунарманд» уюшмасининг ташкил топиши, имтиёзли кредит маблағларининг ажратилиши - буларнинг барчаси ушбу соҳа тараққиётини таъминловчи омиллардир.

Республикамиз Президентининг шу йил 28 август кунги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонига биноан Раҳматхўжа Алихўжаев «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди. Бу унинг 300 йиллик анъаналарни муносиб давом эттираётгани, пичоқчилик санъатини ёш авлодга ўргатибгина қолмасдан, республикамиз ҳунармандчилиги тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси учун берилган баҳодир.

Зиё СИРОЖ, журналист