Анжуманда маълум қилинишича, 2022 йилнинг ўтган даврида 31 минг нафардан кўпроқ номзод давлат фуқаролик хизматига танлов асосида ишга қабул қилинган.

Бу жараёнда инсон омилини камайтириш, барча фуқароларга тенг имкониятлар яратилиши учун Агентлик томонидан ягона очиқ портал — vacancy.argos.uz ишлаб чиқилгани ва бу «бир дарча» тамойили асосида фаолият кўрсатиши ҳақида маълумот берилди.

Қайт этилдики, вакант лавозимлар тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда сайтга жойлаштирилади ва номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш фақат электрон тарзда амалга оширилади.

Вакант лавозимлар учун очиқ мустақил танловлар:

— ҳар бир номзоднинг вакант лавозимга малака талабларига мослигини ўрганиш;

— тест орқали унинг билим даражасини синовдан ўтказиш;

— ассесмент шаклидаги суҳбат жараёни босқичларидан иборат.

Бунда, танловнинг ҳар бир босқичи натижаси тўғрисидаги маълумотлар номзодларнинг шахсий кабинетига юборилади.

Шу кунгача республиканинг 70 дан ортиқ вазирлик, идоралар ҳамда ҳокимликлардаги вакант лавозимлар бўйича 70 949 та танлов эълон қилинди ва 830 173 нафар номзод ҳужжат топширди.

Якунда 31 788 нафар малакали номзод ишга қабул қилинди. Танлов ғолибларининг 11 322 нафарини 30 ёшгача бўлган ёшлар, 9 850 нафарини аёллар, 5 444 нафарини эса давлат хизматига илк бор қабул қилинганлар ташкил этади.

Гулсанам Исоқжонова,

Рўзихол Пўлатова,

ЎзДЖТУ талабалари