Пойтахтимизнинг Миробод туманида ташкил этилган хайрия тадбирида ҳам эҳтиёжманд оилалар қалбига қувонч улашилди. “Темир дафтар”да турган 395 оиланинг ҳар бирига “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан 1 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди.
— Ҳафта давомида “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўнлаб ватандошларимизнинг жарроҳлик амалиёти учун ҳам маблағ ажратиб берилди, — дейди фонднинг Тошкент шаҳар бўлими бошлиғи А. Далабаев. — Хусусан, Бектемир туманидаги “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Сабоҳат Абдурасуловага қизининг операцияси ва эндопротез маҳсулотларини сотиб олиш учун жамғарма маблағлари ҳисобидан салкам 45 миллион сўм ажратилган бўлса, Сергели туманида яшовчи Жавоҳир Тўхтаевнинг Ҳиндистонда даволаниб келиши учун 300 миллион сўм тўлаб берилди.
“Меҳр-саховат” ойлиги доирасидаги тадбирлар давом этмоқда. Кейинги ҳафта Чилонзор ва Шайхонтоҳур туманларида ташкил этилиши режалаштирилган хайрия тадбирларида эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатиш ҳам режалаштирилган.
“Маҳалла” фонди
матбуот хизмати