Ижтимоий тармоқларда «1-синфга борган айрим қизалоқларга қоп-қора рюкзаклар берилди» сарлавҳали материал тарқалганди.
Унда Андижон ва Фарғона вилоятларининг бир нечта мактабларида биринчи синф ўқувчилари учун Президент совғаси сифатида тарқатилган мактаб сумкаларида «GUCCI», «FILA», «NIKE» каби хорижий брендлар логотипидан фойдалангани қайд этилган эди.
Ушбу ҳолат юзасидан Адлия вазирлиги томонидан ўрганиш олиб борилди. Ўрганиш давомида Балиқчи туманида фаолият юритувчи «Ҳ.П.О.» хусусий корхонасига тегишли ишлаб чиқариш объектларида давлат рўйхатидан ўтказилган хорижий товар белгилари, жумладан, «GUCCI», «FILA», «NIKE», «ADIDAS», «Hello Kitty» каби контрафакт ўқувчилар сумкаларини ишлаб чиқаргани ҳамда «Ўқув таълим-таъминот» давлат муассасасининг шартномасига асосан Андижон ва Фарғона вилоятидаги умумтаълим мактабларининг 1-синф ўқувчиларига тарқатилгани аниқланди.
Ҳолат юзасидан Адлия вазирлиги томонидан «Ҳ.П.О» хусусий корхонасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 177-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман судига юборилди. Суд қарорига мувофиқ ҳуқуқбузарга БҲМнинг 15 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Шунингдек, Адлия вазирлигининг тегишли тақдимномасига асосан 3974 та контрафакт ўқувчилар сумкалари ўқувчилардан қайтариб олиниб, сифатли ўқувчилар сумкаларига алмаштириб берилди ва бу каби ҳолатлар бартараф этилди.