Ушбу байрам ҳар йили октябрь ойининг 4 санасида нишонланади. 1931 йили Италиянинг Флоренция шаҳрида ҳайвонларни муҳофаза қилиш ҳаракати тарафдорларининг халқаро конгресси ўтказилиб, унда мазкур байрамни нишонлашга келишиб олинган. Халқаро Ёввойи табиатни ҳимоя қилиш жамғармаси маълумотларига кўра, ҳар куни ер юзидан жониворларнинг 3 тадан тури йўқолиб кетмоқда. Сўнгги чорак аср давомида сайёрамизнинг биологик хилма-хиллиги 30 фоизга қисқарган.

Жониворларнинг ҳаётига таҳдид соладиган бир қанча омилар борки, афсуски, улар инсон фаолияти билан боғлиқ. Браконьерлик, ҳайвонларнинг ноқонуний савдоси ер юзида миллионлар ҳайвонларнинг ноёб турларининг бутунлай йўқ бўлиб кетишига сабаб бўляпти.

Мазкур экологик сана ҳайвонлар ҳам эътибор ва меҳрга муҳтожлигини, уларни асраш  Она табиатни асраш билан баравар эканлигини эслатиб туради. Биз ҳар доим жониворларнинг меъёрида ҳаёт кечириши, кўпайиши учун қўлимиздан келгунча ёрдамимизни аямасак, биологик хилма-хиллик барқарорлигига ҳисса қўшган бўламиз, деб хабар беради Давлат  экология қўмитаси ахборот хизмати.