Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда «Таълим тўғрисида»ги Қонунда барчанинг умумий ўрта таълим олиши ҳуқуқи кафолатланган. Мамлакатимизда таълим тизими инсонпарварлик тамойилига амал қилган ҳолда турли сабабларга кўра ўз вақтида умумий ўрта таълим олиш имкониятига эга бўлмаган, яъни мактабни тўлиқ тамомлай олмаган фуқароларга экстернат тартибида якуний давлат аттестацияларни топшириш тизими яратилган.

Давлатимиз раҳбари томонидан пандемия шароитида аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида берган топшириқларига мувофиқ, олий таълим муассасаларига қабул учун рўйхатдан ўтиш жараёнларининг якунланишига қадар экстернат тартибида якуний давлат аттестацияларини ўтказиб, аттестациядан муваффақиятли ўтган талабгорларга белгиланган тартибда давлат намунасидаги ҳужжат (шаҳодатнома, аттестат) берилиши таъминланди.

Бу йил экстернат тартибида якуний давлат аттестацияларини топшириш учун 5074 нафар фуқаролар мурожаат этган.

Шунингдек, республикада коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин чекловлари ўрнатилганлиги сабабли экстернат тартибида якуний аттестация бошлангунига қадар (2020 йил 15 июнь) белгиланган муддатда ҳужжат топширишга улгурмаган 278 нафар фуқароларга қўшимча равишда экстернат тартибида якуний аттестацияларни топширишга рухсат берилди.

2020 йил 15 июндан 30 июнга қадар ҳар бир ҳудудда экстернат тартибида якуний аттестацияларни ўтказиш ҳуқуқи берилган мактабларда карантин қоидаларига риоя этган ҳолда якуний давлат аттестациялари ўтказилди.

«Мен оилавий шароит туфайли мактабни ўз вақтида тугата олмаган эдим, мен ҳам тенгдошларим қатори олий маълумотли бўлиш орзусида эдим, яратилган имкониятдан фойдаланиб, бу йил экстернат тартибида якуний давлат аттестацияларидан муваффақиятли ўтиб, менга 11 йиллик умумий ўрта таълим тўғрисида аттестат берилганлигидан мамнунман. Ҳужжатларимни олий ўқув юртига хам топширишга улгурдим., Насиб этса, ўқишга кириб олсам, мендан бахтли одам бўлмайди, пандемия шароитида бизга шундай имконият яратиб берганлардан миннатдорман» — дейди Фарғона вилоятидан экcтернат тартибида якуний аттестациядан ўтган фуқаро Моҳидил Джумабоева.

Экстернат тартибида якуний давлат аттестациялардан муваффақиятли ўтган 444 нафар фуқароларга 9 йиллик умумий ўрта таълим тўғрисида шаҳодатнома ҳамда 3600дан зиёд фуқароларга 11-синф ҳажмида давлат намунасидаги умумий ўрта таълим тўғрисида аттестат бланкалари берилди ҳамда уларга олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш ёки бандлигини таъминлаш имкониятлари яратилди.