Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қизириқ туман бўлими томонидан АТБ “Халқ банки” Қизириқ филиалининг мурожаатига асосан  терговга қадар текширув ўтказилди.

Текширувда “B.S.” МЧЖ раҳбари Э.Б. ушбу банк филиали масъул шахслари билан ўзаро тил бириктириб, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш мақсадида 1,7 млрд сўм кредит ажратилишига эришиб, ушбу маблағларни мақсадсиз сарфлагангани аниқланган.

Маълум қилинишича, кредит таъминоти учун гаровга қўйилган нотурар кўчмас мулк биноси қийматини сунъий равишда ошириб кўрсатиб, кредитннг асосий қарзи ва фоизлари ҳисобидан банк манфаатларига 1,8 млрд сўм зарар етказган.

Шунингдек, АТБ “Халқ банки” Чортоқ филиали собиқ ходимлари 10 та тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари билан ўзаро тил бириктириб, банк муассасасидан тикувчилик ва чорвачилик фаолиятини ривожлантириш мақсадида 42 нафар фуқаро номига расмийлаштирилган 1 млрд сўм кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.