Бу марказга уч йил олдин 5 миллион долларга олиб берилган замонавий лаборатория ва симуляция ускуналари бир кун ҳам ишлатилмагани қайд этилди.

Эндокрин касалликларнинг дориси учун ҳар йили 100 миллиард сўм ажратилмоқда. Лекин қалқонсимон без касаллиги Қорақалпоғистон, Самарқанд, Сурхондарё ва Жиззахда юқорилигича қолмоқда.

Эндокринология маркази хизматларнинг нархини бир йилда 35 фоизга оширган, лекин касалликларнинг профилактикасини ўйлагани йўқ.

Бугун хусусий клиникалар давлат шифохоналари билан тенгма-тенг туриб, айрим юқори технологик хизматлар бўйича олдинга ҳам ўтиб кетгани таъкидланди.

Масалан, жарроҳликда робот технологиялари ҳам биринчилардан бўлиб хусусий секторда қўлланди. Лекин Нейрохирургия, Хирургия марказларининг эса робот ёрдамидаги операцияларни қачон йўлга қўйиш бўйича режаси йўқ.

Яқинда Республика онкология маркази раҳбари ишдан олиниб, ўрнига Туркиядан малакали бошқарувчи қўйилди. Бу марказга Франциянинг дунё тан олган «Густав Русси» клиникаси ҳам жалб қилинди. Уларнинг клиник протоколларини татбиқ этиш бошланади.

«Барча марказ раҳбарлари эшитиб олсин: марказлар шахсий мулк эмас, уларнинг барчаси давлатники, халқники!
Ҳар бир марказ раҳбари хулоса чиқариб, ўзига бир йиллик катта режа олиши керак. Улар уч ойда хориждан ҳамкор топиб, ўзи ўзгариш қилади ёки бу ишни уларсиз қиламиз», – деди Президентимиз.

Вилоят, туман тиббиёт раҳбарлари, оилавий поликлиника мудирлари ҳам ҳалигача эскича ёндашув, эскича услубда ишлаётгани кўрсатиб ўтилди.

Ҳудудларга қанча машаққатлар билан олиб келинган ускуналар тўлиқ ишлатилмаяпти, айримларининг қадоғи ҳали очилмаган.

Мисол учун, Гурлан тумани шифохонасига 300 минг долларга олиб берилган МСКТ аппарати қувватига нисбатан атиги 9 фоизга хизмат кўрсатяпти. Ёки Навоий вилоят шошилинч марказидаги қарийб 1 миллион доллар турадиган ангиограф 4 фоиз юклама билан ишламоқда.

Уларнинг масъуллари хусусий клиникаларга бориб, тадбиркорлар бундай аппаратларни қандай самарали ишлатаётганини кўриши, ўрганиши кераклиги қайд этилди.