Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатларда айрим қурилиш ташкилотлари томонидан хонадон харид қилиш бўйича тузилган шартномаларга мувофиқ, тўловлар ўз вақтида амалга оширилган бўлишига қарамасдан, белгиланган муддатларда уй-жойлар топширилмагани қайд этилган.
Ўрганишлар жараёнида Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни 19-моддаси талаблари бузилгани аниқланди.
Шу асосда истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида суд органларига 32 нафар фуқаро фойдасига жами 11 млрд сўмдан ортиқ маблағни ундириш тўғрисида даъво аризалари киритилди.
Суд қарорларига мувофиқ, “GLAMUR GOLD”, “TRANSPORT FREE GROUP”, “LUCKY TECHNICAL”, “BROCCOLI PLUS” ва “NUR” МЧЖлардан 16 нафар истеъмолчи фойдасига жами 6,7 млрд сўм маблағни қайтариш белгиланди.