Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар қилди.

Маълумки, жорий йилнинг 1 февралидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганига 50 йилдан ошган транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни қайта рўйхатдан ўтказиш тақиқланган эди. ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти мазкур тартибга аниқлик киритиб, антиквар деб топилган автомобиллар бундан мустасно эканини маълум қилди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, антиквар автотранспорт воситалари учун АНТ серияли алоҳида давлат рақам белгилари жорий этилади.

Қайд этилишича, фуқаролар ушбу тоифадаги автомобиллари учун давлат рақам белгиларини олиш мақсадида 1 февралдан бошлаб ҳудудий Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмаларига мурожаат қилишлари лозим.