Яширин иқтисодиётни қисқартириш, товарлар контрабандасини олдини олиш божхона органларининг асосий вазифалардан биридир.
Бу борада Тошкент шаҳар божхона бошқармасида ҳам бир қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, бошқарманинг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари «Чуқурсой» ҳамда «Чуқурсой техник идораси» божхона пости ходимлари билан ҳамкорликда Хитой давлатидан юртимизда фаолият олиб борувчи масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига юк контейнерида келтирилган юк ҳужжатларига кўра «трикотаж мато» товарларини божхона кўригидан ўтказишди.
Буни қарангки, йўл юк кузатув ҳужжатларида «трикотаж мато» товарлари кўрсатилган бўлсада, аслида божхона кўриги давомида ҳужжатларда умуман қайд этилмаган қиймати 6 млрд. 100 млн. сўмлик 712 396,6 метр квадрат парда ва парда матолари борлиги аниқланди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур товарларга 1,6 млрд.сўм миқдорида божхона тўловлари ҳисобланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.