Шу муносабат билан муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган сайлов округида йиғилиш бўлди. Уни округ сайлов комиссияси раиси Собитхон Турғунов бошқарди. Сайлов комиссияси иш режасини такомиллаштириш, вазифалар тақсимотини қайта кўриб чиқиш ва матбуот маркази фаолиятини йўлга қўйиш каби масалалар йиғилиш кун тартибидан ўрин олди.

Дастлаб сайлов жараёнларини умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига риоя қилган ҳолда, Сайлов кодекси талаблари асосида уюшқоқлик билан ташкил этишдаги кўникмаларни ошириш хусусида сўз юритилди. Сайлов ўтказувчи округ комиссиялари аъзоларининг сайловга ҳозирлик кўриш ва уни ўтказишдаги асосий вазифалари белгилаб берилди.

Йиғилишда округ комиссия раиси ўринбосари, котиби ва комиссия аъзолари учун аъзолик гувоҳномалари топширилди. Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши тавсиясига мувофиқ, комиссия аъзолари 15 нафардан иборат, ҳаммаси олий маълумотли, ҳуқуқшунос, муҳандис, иқтисодчи, педагог, журналист ва бошқа мутахассисликларга эга, 53 фоизи хотин-қизлардир.

Шу куни округ сайлов комиссияси Матбуот маркази фаолият бошлади ва унинг раҳбари, ходимлари таркиби тасдиқланди. Маълумот учун, 6-Наманган сайлов округи Наманган шаҳри, Давлатобод туманидаги вилоят маданият маркази биносида жойлашган ва намунали шароит яратилган.