Мактабгача таълим, Спортни ривожлантириш вазирликлари, Велоспорт федерацияси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги  ҳамкорлигида ташкил этилган веломарафон тадбирида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Т.Норбоева, спортни ривожлантириш вазири А.Икрамов, вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.

Спортни ривожлантириш вазирлиги хабарига кўра, Самарқанд шаҳар МТМларининг 6 ёшдаги 120 нафар иштирокчиси шаҳарнинг Алишер Навоий кўчаси бўйлаб ҳаракатланди.

Эслатиб ўтамиз, ҳудди шундай веломарафон ўтган йили Тошкент шаҳрида ўтказилган эди.

2021 йилда мактабгача таълим тизимига экологик таълим-тарбия ҳамда болалар учун беговел ҳайдаш методикасини жорий этиш бўйича лойиҳа ишга туширилди. Бу эса мактабгача ёшдаги болаларнинг экологик таълим ва беговел ҳайдаш техникаси бўйича билимларини ошириш имконини берди. Бунинг учун 13 та пилот давлат мактабгача таълим ташкилоти 400 та беговел билан таъминланди. Жорий йилда эса, лойиҳа доирасида 20 та давлат мактабгача таълим ташкилоти танлаб олиниб, уларга 500 та беговел тақдим этилди.

Болалар веломарафонининг асосий мақсади атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил транспорт туридан фойдаланиш соҳасида барқарор кўникмаларни ривожлантириш, шунингдек, мактабгача ёшдаги болалар ўртасида велоспортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва маданиятини ошириш, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишга ўргатишдан иборат.

Веломарафонда иштирок этган болалар  медаллар ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.