— «Биз Жанубий Корея билан илгари битта тизим бўйича ишлардик — 4 йилу 10 ойга малака талаб этилмайдиган ишлар учун юртдошларимизни юборар эдик. Бу йилдан бошлаб янги система бўйича ишлай бошладик. Бу тизим биз учун ҳам, улар учун янгилик. Яъни, қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилиш учун беш ой муддатга ишчиларни юборишни йўлга қўйдик, — Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Хайрулла Умаров. — Бундан ташқари, Канаданинг икки йирик компанияси билан меморандум имзоладик. Ушбу мамлакатнинг икки йирик компаниясига ишчилар юбориш ҳаракатидамиз. Шунингдек, Германияда бўлиб турган юртдошларимиз ҳам ўқиб, ҳам ишлаши учун шароит яратиш устида иш олиб боряпмиз». 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълум қилишича, «Бугунги кунда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг хусусий бандлик агентликлари реестридан 106 та юридик шахс рўйхатдан ўтган бўлиб, улардан 78 тасига хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия тақдим этилган.

Ўтган давр мобайнида 65 та хусусий бандлик агентлигининг лицензияси бекор қилиниб, уларнинг сони бугунги кунда 13 тани ташкил этмоқда. 13 танинг 5 таси фаолият юритмоқда, 8 тасининг жамғарма пули шакллантиргунга қадар фаолияти тўхтатилган.

2019-2020 йилларда ХБАларнинг саъй-ҳаракати натижасида 3 минг 300 га яқин фуқаро Россия, Туркия каби давлатларга қонуний тарзда ишга жойлаштирилди. Бироқ, хусусий бандлик агентликлари томонидан лицензия талаблари ва шартларини бузиш ҳолатлари учрамоқда».