Аниқланишича, ҳолат Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида бўлиб, масъуллар томонидан жойига бориб ўрганиш ўтказилганда, қизчанинг ота-онаси видеодаги ҳолат аслида фарзандининг туғилган куни муносабати билан ўтказилган маросим эканлиги тўғрисида тушунтириш бердилар.

Д.К нинг ота-онаси аёлни турмушга чиқишига мажбурлаш учун жиноий жавобгарлик мавжуд эканлиги тўғрисида огоҳлантирилдилар.

Шунингдек, Д.К. нинг ота-онаси ўз тушунтиришида видеодаги ҳолат тўй ёки унаштирув маросими эмаслиги ва қизини эрта турмушга бериш нияти йўқлиги, унга таълим бериш ва шифокор бўлиб етишиши ниятида эканликларини маълум қилди.

Шу билан бирга, республикамизнинг бу ҳудудида қизларни унаштирув маросимини эрта ўтказиш урф-одатлари қисман бўлсада сақланиб келаётганини инобатга олиб, мазкур ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани ўз назоратини давом эттиради. Жумладан, бу оилада боланинг жисмонан ва маънан соғлом муҳитда парвариш қилиниши, унинг таълим олиш ҳуқуқи ҳамда келгусида ўз ҳаёти билан боғлиқ қарорларни қабул қилиш ҳуқуқи таъминланиши кузатиб борилади.

Болалар омбудсмани қизларни эрта турмушга бериш ҳолатларига мутлақо муросасиз бўлиб, шундай фикрда бўлган ота-оналарни никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш учун қонунан жавобгарлик белгиланганлиги ҳақида огоҳлантиради.