Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида яшовчи У.Б. ижтимоий тармоқларда унга нисбатан уйдирма ва бўҳтон маълумотлар берилган турли хил видео ва фото тасвирлар тарқатаётган номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраб ИИВга ариза билан мурожаат қилди.
Фуқаронинг сўзларига кўра, телеграм мессенжерида номаълум аккаунт фойдаланувчиси унга мурожаат қилиб, ушбу маълумотларни ижтимоий тармоқлардан олиб ташлаш эвазига 8 миллион сўм талаб қилган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида товламачилик билан пулларни ўзлаштирмоқчи бўлган шахслар Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида яшовчи 1985 й.т. М.Р. ва 1947 й.т. Н.С. эканлиги аниқланган.
М.Р. ва Н.С. талаб қилинган пулларни фуқаро У.Б.дан қабул қилиб олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олиниб, тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ҳужжатлаштирилган.
М.Р. ва Н.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов харакатлари олиб борилди.