Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, 77 ёшли Шарофиддин Юсуповнинг Навоий МФЙ, Рошидон кўчасида жойлашган уйида бўлган вилоят ҳокими машҳур уста-кулол билан дилдан суҳбатлашди ва унинг нодир кулолчилик маҳсулотларини кўздан кечирди. Шарофиддин Юсупов янги ташкил этилаётган уй-музейи ва туристлар учун меҳмонхонаси қурилишлари ҳақида маълумот берди.
Навбатдаги манзилда эса ушбу маҳалладаги яна бир уста-кулол Шокиржон Аҳмаджоновнинг янги ташкил этилган кулолчилик кластери фаолияти билан танишилди. 5 млрд. сўм қийматидаги ушбу лойиҳа 2021 йилнинг октябрь ойида ишга туширилган бўлиб, 30 та доимий иш ўринлари яратилган ва 3 минг нафар аҳолини касаначилик билан бандлиги таъминланмоқда.
Вилоят ҳокими тадбиркор билан суҳбатда иш билан таъминланган 3 минг нафар риштонликлар билан меҳнат муносабатларини рўйхатдан ўтказиш ҳамда меҳнат дафтарчаларини расмийлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Шокиржон Аҳмаджонов ҳар бир ишчи бугунги кунда 2 млн. сўмдан 4 млн. сўмгача ойлик маош олаётганлиги, шунингдек, жорий йилда Россиянинг Екатеринбург шаҳрига маҳсулотларни экспорт қилиш учун 5 млн. долларлик шартнома имзоланганлиги ҳақида маълумот берди.
Вилоят раҳбари тадбиркор томонидан бошланиб, 6 ой муддатда якунланиши режалаштирилган қурилиш жараёнларининг бориши билан ҳам қизиқди.
Шу жойда Навбаҳор, Тўда ва А.Навоий МФЙларда жорий йилда амалга оширилиши белгиланган умумий қиймати қарийб 170 млрд. сўмдан зиёд янги лойиҳалар билан ҳам танишилди. Уларни такомиллаштириш, тезлаштириш юзасидан туман раҳбарларига топшириқлар берилди.
“Қози Аҳрор” МФЙда эса уста-кулол Алишер Робилов уй устахонасида маҳсулотларни тайёрланиш жараёнлари ҳақида сўзлаб берди. Кулол ва 12 нафар шогирдлари томонидан тайёрланган сара кулолчилик маҳсулотлари Россияга экспорт қилинмоқда.
Вилоят раҳбари Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Россия каби турли хорижий давлатларга маҳсулотларни экспорт қилаётган кулоллар билан суҳбатлашиб, ишлаб чиқаришларни янада кенгайтириш юзасидан таклифлар билдирди, вилоят ҳокимлиги улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Гуличеҳра Дурдиева
"Янги Ўзбекистон" мухбири