Тадбирда Ўзбекистон аккредитация маркази директори А.Закиров, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги раҳбарияти ҳамда бир қатор халқаро экспертлар, жумладан, Аккредитация бўйича Осиё-Тинч океани ҳамкорлиги (APAC) баҳоловчиси ҳиндистонлик Анил Жаухри, Россия Федерациясининг Федерал аккредитация хизмати раҳбари ўринбосари Дмитрий Гоголев, аккредитация соҳасидаги туркиялик халқаро эксперт Атакан Баштурк, аккредитация соҳасини ривожлантириш бўйича германиялик халқаро эксперт Манфред Киндлер ва бошқа бир қатор мутаҳассислар иштирок этди.
Жорий йилги Бутунжаҳон аккредитация куни халқаро аккредитация ҳамжамияти — Халқаро аккредитация форуми (IAF) ва Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ҳамкорлиги (ILAC) томонидан “Барқарор ривожланиш мақсадларининг амалга ошишида аккредитациянинг ўрни” шиори остида ўтмоқда. Ушбу шиор бевосита Бирлашган миллатлар ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) уйғун ва унда белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган.
Бугунги кунда Ўзбекистон аккредитация тизими турли хизматлар кўрсатувчи лабораториялар фаолиятини халқаро стандартлар асосида аккредитациядан ўтказиш орқали инсон саломатлигига, озиқ-овқат сифатига, экология софлигига, тоза сув таъминотига, турмуш сифатининг ошишига, барқарор шаҳарлар барпо этилишига, малакали мутаҳассислар тажрибаси ортишига хисса қўшиб, БРМларининг юртимизда тадбиқ этилишига кўмак бермоқда.
Ўзбекистон аккредитация маркази директори А.Закиров соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида гапирар экан, маҳаллий маҳсулотларимизнинг экспортга чиқиш кўлами кенгайиб бораётганлиги сабабли, хорижда тан олинадиган сертификатларга ҳам талаб ортиб бораётганлигини таъкидлади.
— Бугунги кунда маҳаллий сертификатлаш идораси хорижий тан олинган аккредитация идораларидан аккредитациядан ўтган замоноқ, махаллий аккредитация идораси унга ҳам миллий ҳам халқаро сертификатлар бериш имконияти яратилмоқда. Биргина халқаро тан олинган сертификат билан ҳам ички, ҳам хорижий давлатлар учун маҳсулотларни экспорт қилиш ва хориж бозорига уларнинг техник тўсиқларсиз кириб боришига шароит яратилади, — деди А.Закиров ўз маърузасида.
Анжуманда юртимизда аккредитация соҳасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар, иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва халқаро савдода самарали мувофиқликни баҳолаш механизмининг ўрни ҳақида сўз борди. Соҳа вакиллари Ўзбекистон аккредитация маркази олдида турган устувор вазифалар, лабораторияларда ISO/IEC 17025:2017 халқаро стандартининг техник талабларини бажариш ҳамда бу борадаги халқаро тажриба хусусида тадбир иштирокчиларига маълумот беришди.
Россия Федерациясининг Федерал аккредитация хизмати раҳбари ўринбосари Дмитрий Гоголев эса Россия Федерал аккредитация тизимининг халқаро даражада тан олинишига эришиши йўлида орттирган тажриба ва ютуқлари билан ўртоқлашди.
Маълумот учун, “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДУК юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, мувофиқликни баҳолаш органлари ва метрология хизматларининг компетентлигини баҳолаш ишларини олиб боради. 2021 йилда Марказ томонидан 120 та мурожаатлар кўриб чиқилган бўлиб, 32 та мувофиқликни баҳолаш органлари Миллий акредитация тизимида халқаро стандартларга асосан муваффақиятли аккредитациядан ўтказилди.
Марказ 2019 йил апрель ойидан Аккредитация маркази Осиё-Тинч океани минтақаси аккредитация ҳамкорлиги (APAC), 2020 йил апрель ойидан Халқаро лабораторияларни аккредитациялаш ҳамкорлиги (ILAC) ҳамда 2020 йил декабрь ойида Халқаро аккредитация форуми (IAF)га аъзо бўлди ва Миллий аккредитация тизими халқаро даражада тан олинди.