Коронавирус пандемиясининг республикадаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга таъсирини юмшатиш борасида ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида 2021 йилнинг 9 ойида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 106,9 фоизни ташкил қилди. Жумладан, савдо айланмаси ҳажми 167,0 трлн сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 109,8 фоизга ўсди. Жами бозор хизматлари ҳажми эса 201,2 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 119,5 фоизга ўсди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда шу ҳақда таъкидланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилганидек, ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 116,1 трлн сўмни ташкил этиб, белгиланган прогноз 108,4 фоизга ёки 9 трлн сўмга ошириб бажарилди. Давлат бюджетининг жами харажатлари 130,3 трлн сўмни, шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 64 трлн сўмни ташкил қилди. Ушбу амалга оширилган харажатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27,5 фоизга ошган.

Қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳисобот даврида ерларни қайта фойдаланишга киритиш, лалми ва яйлов ерларни ўзлаштириш юзасидан суғориш қудуқларини қазиш, насос агрегатларини ўрнатиш ҳамда янги мевали боғлар ва токзорлар барпо этиш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмокда.

Хусусан, ирригация тармоқларини ривожлантириш, суғориш мавсумида сув ресурсларини иқтисод қилиш мақсадида ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари бўйича 547,5 млрд сўм ёки ажратилган йиллик лимитга нисбатан 77 фоиз, мелиорация объектлари лойиҳалари бўйича 209,3 млрд сўм ёки ажратилган йиллик лимитга нисбатан 81 фоиз капитал қўйилмалар ўзлаштирилди.

Ҳисобот даврида жами 201,2 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар, жумладан, томчилатиб, ёмғирлатиб ва дискрет усулда суғориш технологиялари жорий қилинди. 130,6 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонларида лазер ускунали ер текислагичлар ёрдамида текислаш ишлари амалга оширилди.

Республика бўйича 146 та мева-сабзавотчилик кластерларига 116,8 минг гектар ер бириктирилган бўлиб, қиймати 216 млрд сўмлик 9 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилди.  42,2 минг гектар майдонда мевали боғлар ва 29,0 минг гектар узумзорлар барпо этилиб, 111 та лойиҳа ташаббускорлари томонидан 270 гектар майдонда иссиқхоналар ташкил этилди.

Республика бўйича бугунги кунда 747 та лойиҳа шакллантирилган бўлиб, 283 та ташаббускорлар томонидан 565,5 гектар майдонда иссиқхоналар барпо этилиб, 4 026 нафар иш ўрни яратилди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган аҳолини қишлоқ хўжалигида иш билан банд қилиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун 604 минг гектар майдон ажратиб берилиб, жами 2 млн 942 минг нафар аҳоли мавсумий иш билан таъминланди.