Сўнгги уч йилда жами инвестициялар 1,8 баробарга кўпайди. Лекин айрим туманларда инвестициянинг саноатга таъсири кўринмаётгани танқид қилинди.

Масалан, Карманада инвестиция йилига 50 фоиздан ўсиб боргани билан саноати атиги 4 фоиз ошган. Хусусан, фаолият юритаётган 495 та корхонадан 470 тасида расмий ишчилари 5 нафарга ҳам етмайди, фаолият тўхтаган деб ҳисобот топширган 20 та корхона электр ва газдан ҳалигача фойдаланяпти.

Зафаробод туманида ҳам шу аҳвол. Инвестиция 4 баробар ўсган, лекин саноатда ўзгариш йўқ.

Умуман, уч йилда республика саноати 21 фоизга ўсган бўлса, Хатирчи, Кармана, Учқўрғон, Бағдод, Оққўрғон, Бўка, Узун, Жарқўрғон, Яккабоғ, Паяриқ, Мирзаобод ва Зафарободда бу кўрсаткич 10 фоизга ҳам етмаган.

Ушбу туманлар жойлашган вилоятлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига 12 та туманга бориб, бир ой шу ерда қолиб ишлаш, ишлаб чиқариш пасайган корхоналарни «оёққа турғазиш», ушбу туманлар саноатида бу йил ўсиш суръатини ошириш топширилди.