Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда “рақамли иқтисодиёт”ни ривожлантириш ва телекоммуникация соҳаси тараққиётига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, аҳолини сифатли телекоммуникация хизматлари билан таъминлаш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда. “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси ҳам бу борада ўз олдига бир қатор вазифаларни белгилаб олган.

Жумладан, ўтган йил мобайнида Компания томонидан аҳоли ҳамда ҳудудлардаги ижтимоий объектларни юқори тезликдаги интернет тармоғи билан таъминлаш мақсадида республика бўйлаб 50 минг км дан зиёд оптик толали алоқа линиялари қурилди ва уларнинг умумий узунлиги 122 минг километрдан оширилди. Бунинг натижасида аҳоли масканларининг 67 фоизига юқори тезликдаги Интернет тармоғи кириб борди.

Шунингдек, мобил алоқа хизматларини ривожлантириш мақсадида 2021 йилда 902 та қўшимча база станциялари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 19 233 тага етказилди. Бугунги кунга келиб 95 фоиз аҳоли масканлари мобил интернет билан қамраб олинган, 54 фоиз уй хўжаликларига юқори тезликдаги симли интернетга уланиш имкони яратилган.

2021 йилнинг май ойида Жиззах ЭИЗ ҳудудидаги “Global Optical Communication Uzbekistan” қўшма корхона лойиҳасининг иккинчи босқичи амалга оширилди ва оптик толали кабеллар ишлаб чиқаришнинг йиллик қуввати 50 минг км.гa етказилди.

Ўтган йили халқаро интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик имконияти 1 800 Гбит/с га етказилди. Оператор ва провайдерларга Интернет хизматлари учун тариф 42,9 фоизга арзонлаштирилиб, 1 Мбит/с учун 30 минг сўмни ташкил этди.