Тадбирда Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларини ривожлантиришнинг асосий жиҳатлари муҳокама қилинди, ўзаро манфаатли йўналишларда кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан режалар белгилаб олинди.

Сиёсий мулоқот, парламентлараро алоқалар, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларида турли даражаларда бўлиб ўтадиган учрашувлар жадвали тўғрисида фикр алмашилди. Томонларнинг савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқотни ривожлантириш ва чегараолди ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш муҳимлигига эътибор қаратилди.

Вазирлар Марказий Осиёдаги бугунги вазият ҳамда минтақавий ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасида эришилган ютуқларни муҳокама қилдилар. Инфратузилмавий ва транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш орқали дунёнинг бошқа минтақалари билан ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Қозоғистон томони жорий йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияга таклиф қилинди.