Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти жамоасига Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ижодий ва ҳаётий фаолияти тарғиботининг бириктирилиши ҳам тасодифий эмас. Сабаби, Абдулла Орипов ҳаётлик пайтларида ушбу таълим масканида бошқа олий ўқув юртларига нисбатан жуда кўп ижодий мулоқот ва учрашувлар уюштирган. Бунинг боисини институтда ташкил этилган адабий учрашувлардан бирида ўзи шундай изоҳлаган эди. “Ирригация, мироблик менинг қалбимга, руҳиятимга яқин. Болалигимдан бу касбга айрича меҳр билан қарайман. Ёшлигимда илк шеърий машқларимни тинглаб баҳолайдиган яқин қардошимиз ҳам мироб эди. Ёзган шеърларимни илк бор эшитиб баҳоловчи ўша ирригатор бўлган. У кишини мен чинакам устозим дейишга ҳақлиман. Чунки умр бўйи амал қилган ақидамга содиқ қолиб, собит туришимга у кишининг айтган сўзлари ва берган маслаҳатлари асос бўлган.
Кунларнинг бирида бир шеър ёзгандим. Одатдагидек, уни илк тингловчиси ўша мироб эди. У киши далада эгатларга сув тараб кетмонига суянганча турарди. Шеърни ўқидим, ўша пайтда анъана, расм бўлган мавзуда эди. “Кремлнинг юлдузи, порлар кеча-кундузи” ва ҳоказо давом этарди. Кетмонга суяниб ҳорғин тарзда турган мироб қариндошимиз менга қараб шундай деди: “Шеърни зўр ёзибсан, қофияси ҳам, мазмуни ҳам жойида, лекин, сенга бир саволим бор: Абдулла, сен ўзинг Кремлни бориб кўрганмисан?” Мен донг қотиб қолдим. Демак, кўрган, билган, ҳис этган нарсанг ҳақида ёзиш кераклигини менга ўша ирригатор ўргатган. Шунинг учун ҳам у кишини илк устозим дегим келаверади доим”. Мана, Абдулла аканинг эътирофи. Шундай экан, улуғ шоиримизнинг таълим муассасамиз билан боғлиқлик меҳри чандон устувор.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг бир гуруҳ педагог, профессор ўқитувчилари ва талабалари Адиблар хиёбонида буюк ва суюкли адибимиз Абдулла Орипов сиймоси акс этган ҳайкал қошида “Жўш урган улуғ халқ қудратининг куйчиси” номли тадбир ўтказди. Тадбирда институт проректори Рўзимурод Чориев, шоирнинг қизи Шоирахон Орипова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Бобур Бобомурод, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Нурбой Жабборов иштирок этди.
Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,
ТИҚХММИ матбуот хизмати раҳбари