Давлат тест маркази ахборот хизматининг маълум қилишича, карантин чекловлари туфайли абитуриентлар кириш тест синовларига кўнгилдагидек тайёргарлик кўролмагани учун бу йил уларга имтиҳонларда енгиликлар яратилади.

Аввало тест топшириқлари соддалаштириляпти. Соддалаштириш қуйидаги шаклда амалга оширилади. Бунда:

  • фанлар кесимида ҳар бир вариантда қўлланиладиган биринчи қийинлик даражасидаги (энг осон) тест топшириқлари сони 6 тадан ўртача 10 тагача етказилмоқда;
  • абитуриентларнинг тест топшириқларини тез англай олишлари, фикрлашлари ва вақт тежашлари учун жорий йилда ҳам тарих, география, чет тили (инглиз, немис, француз), биология ва кимё фанларидан расмли тест топшириқлари бўлади;
  • она тили ва адабиёт фанидан мустақил ўқиш учун тавсия қилинган бадиий асарлардан тест топшириқлари сони кўпаяди, матн таркибидаги сўзларни тўғри қўлланганлиги, гапларни тўғри шакллантирилганлиги аниқлаш, матндаги сўзларнинг маъносини топиш ва матннинг асосий мазмунини тушуниш юзасидан тест топшириқлари шакллантирилмоқда;
  • кимё фанидан назарий саволлар сони оширилади, лаборотория ишларига оид тест топшириқлари яратилади;
  • физика фанидан ҳам энг осон тест топшириқлари сони 10 тагача оширилади ва назарий тест топшириқлар сони кўпайтирилади. Шунингдек, абитуриентларга янада қулайлик яратиш мақсадида “Доимий физик катталиклар жадвали” ишлаб чиқилди, у тест синови жараёнида тақдим этилади.

Яна бир енгиллик шуки, абитуриентларни рўйхатга олишда киритиладиган маълумотлар яна ҳам камайтирилади.

Уйидан чиқмаган ҳолда мобил телефон (компьютер) ёрдамида рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади.

Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали, шунингдек, Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали онлайн режимда рўйхатдан ўтиш мумкин бўлади.

Айни пайтда яратилган зарурий дастур dtm.uz сайтида тест режимида ишга туширилди. Хоҳловчилар тажриба сифатида рўйхатдан ўтишлари мумкин.

Тест натижасини эълон қилиш тартиби, эълон қилиш манбалари ўзгармаган.

Кўпчилик абитуриентларни тест синовлари қачон ва қаерда ўтиши қизиқтиряпти.

Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан белгиланган муддат ва 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб тест синови топшириладиган фанлар мажмуасини икки бўлимга ажратиб, биринчи бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий учта фан – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи, иккинчи бўлимга абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фан киритиш ҳозир ҳам амалда.

Мамлакатимизда давом этаётган пандемия шароитида барибир эҳтимолий вазият ҳақида олдиндан бир нима дейиш қийин. Масалан, карантин чекловлари бекор қилиниши ҳам ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин. Бу борада муҳим қарорни Республика махсус комиссия чиқаради. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзгаришлар тўғрисида жамоатчилик тезкорлик билан хабардор қилинади.

Умуман, абитуриентларга жиддий, пухта тайёрланиш тавсия қилинади.

Бу йилги кириш тест синовлари қачон ва қай тартибда бўлмасин, барибир ўтади.

Чет тиллар каби бошқа фанлардан ҳам сертификат олиш мумкин

Эндиликда абитуриентлар инглиз, немис ва француз тилларидан ташқари яна ўзбек, рус, қорақалпоқ тили ва адабиёт, математика фанларидан ҳам миллий сертификат олиши ва бу фанлардан тест синови топширмай, максимал баллни қўлга киритиши мумкин. Бу имконият жорий йил охирига қадар йўлга қўйилиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда ДТМ ахборот хизмати хабар беради.

Бошқа умумтаълим фанларидан ҳам келаси йилдан бошлаб, мазкур тажриба босқичма-босқич амалга оширилади.