Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Чилонзор туманидаги “Aбу Сахий” буюм бозоридаги автотураргоҳда автомобил ёнгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Туман ҳокимлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.

Туман ИИОФМБ ва туман ФВБ мутасаддиларининг маълумот беришича, жорий йилнинг 27 октябрь куни соат тахминан 6:52 ларда  “Тошкент савдо маркази” ҳудудида жойлашган кўп қаватли автотураргоҳнинг 5-қаватида Бойигитов Алиқўзи Тиллаболдиевичга тегишли давлат рақами 01 L 250 ВВ бўлган “Orlando”  русумли автоуловнинг двигатель қисмида техник носозлик сабабли қисқа туташув бўлган. Натижада, автоулов капот остидаги электр симларида ёнғин келиб чиққан.

Мазкур ҳолат “Тошкент савдо маркази” Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ходимлари томонидан соат 7:10 ларда тўлиқ   бартараф этилган. Ёнғин оқибатида ҳеч кимга зарар етмаган, шунингдек, бино ва атрофдаги бошқа автоуловларга ҳам зарар етказилмаганлиги маълум бўлди.

Чилонзор тумани ФВБ масъулларининг маълумотига кўра бу ёнғин ҳақида Тошкент шаҳар ФВБга хабар келиб тушмаган. Ҳозирда туман ФВБ томонидан автотураргоҳда ёнғин сабаблари ва ёнғин хавфсизлиги ҳолатлари текширилмоқда.