Жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш кўплаб омилларга боғлиқ. Албатта, биринчи ўринда бу мақсадга эришишда оиладаги муҳит катта роль ўйнайди. Бошданоқ, ота-она фарзандини назоратсиз қолдириши, унинг ҳаёт йўлини тўғри топиб олишидаги бефарқлиги, кейинчалик, аччиқ изтироблар келтириш муқаррардир.

Шу маънода, Турсунали Мадумаровнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) оилада тарбия топиши ҳам ҳаминқадар кечди. Бошдан ўқишни, бирор ишни ёлчитмаган Турсунали жиноят кўчасига кириб 23 ёшида халқ тили билан айтганда 8 йилга “кесилиб кетди”. Аччиқ қисматидан тегишли сабоқ чиқармаган Т. Мадумаров яна суд курсисида ўтирибди.

Воқеликнинг қисқача тафсилоти шундаки, Т. Мадумаров дастлабки тергов ҳаракатлари давомида шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган шахсдан кўп миқдордаги 80 дона “Тропикамид 10 мг” дори воситасини ва 59 та кассетадаги 826 дона “Ilko REGAPEN 300 mg” кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда олиб, кейинчалик ўтказиш мақсадида сақлаб келган.

У жорий йилнинг май ойида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Қўқон шаҳар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган “назорат-харид” тадбири давомида шаҳардаги “Автошоҳбекат” атрофида ўз бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашинасида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кўп миқдордаги 80 дона “Тропикамид 10 мг” дори воситасини ҳар бир донасини 95.000 сўмдан жами 7.600.000 сўмга ва кўп миқдордаги 43 кассетадаги “REGAPEN 300 мг” номли кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ҳар бир кассетасини 250.000 сўмдан жами 17.750.000 сўм эвазига сотишга келишиб, бу пулларнинг ўрнига “махсус харидор”дан 2.000 АҚШ доллари пул маблағларини олиб, дори воситаларини сотган вақтда ушланган.

Суд, судланувчи Т. Мадумаровга жазо тайинлашда, қонун талаблари ва Олий суд Пленуми Қарорлари тушунтиришларига амал қилган ҳолда ғаразли ниятларда жиноят содир қилганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топиб, содир қилган жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражаси, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, айбига иқрорлиги, оилада ягона боқувчи эканлиги ва иш бўйича жазони енгиллаштирувчи барча ҳолатларни, инобатга олган ҳолда унинг жиноий фаолиятини давом эттиришга тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек, бошқа шахслар жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида ЖКнинг тегишли моддаларини қўллаб, яъни, қонун санкциясида кўрсатилган энг кам жазодан ҳам камроқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни лозим деб топди. У суд ҳукми билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Биз бежизга гапни оиладаги тарбиявий муҳит ҳақида бошламаган эдик. Гап шундаки, Т.Мадумаров 5 нафар фарзанднинг отаси. Муаммо эса, ота панжара ортида бўлган пайтда фарзандлар тарбияси панжа орасида қолиб кетмаса бўлгани.

Хуршид Қосимов,

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди раиси