“Zoom” платформасида онлайн тарзда бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Украина, Беларус, Молдова, Грузия, Литва, Сербия мамлакатлари ёзувчи, таржимон ва адабиётшунослари иштирок этишди”, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг
Ахборот хизмати.
Давра суҳбати «Кутубхона – маданият феномени сифатида» VII Халқаро конгрессининг таркибий қисми бўлиб, у Беларус Миллий кутубхонаси ташаббуси билан уюштирилди.
Сўзга чиққан ёзувчилар Яронимас Лаусюс (Литва), Николай Руссу (Молдова), Рисолат Ҳайдарова (Ўзбекистон), Закий Алибоев (Бошқирдистон), Даяна Лазаревич (Сербия), Алес Бадак (Беларус) бугунги адабий алоқаларнинг ривожланишида бадиий таржима алмашинувининг аҳамияти, турлича ижтимоий тушунчаларни англаб етишда бадиий сўзнинг воситачилик роли ҳақида сўз юритишди.
Маълумки, бу йил улуғ қозоқ шоири Абайнинг 175 йиллиги, ХХ аср молдован шеъриятининг ёрқин вакили Ливиу Делянунинг 110 йиллиги нишонланди, келгуси йилда буюк ўзбек мутафаккир шоири Алишер Навоийнинг 580 йиллиги, украин шоираси Леся Украинканинг 150 йиллиги байрам қилинади. Тадбир иштирокчилари дунё адабиёти саҳнасига чиққан улуғ ижодкорларнинг юбилейларини халқаро миқёсда нишонлаш ҳам адабий алоқаларни ривожлантиришда, ўқувчиларни жаҳон адабиёти тарихи билан чуқурроқ таништиришда, қардош адабиётлар мумтоз вакилларининг ижодини халқаро миқёсда тарғиб қилиш борасида катта роль ўйнашини қайд этишди.
Замонавий миллий адабиётларда яратилаётган асарларнинг бадиий таржимаси масаласи ҳам тадбирда кенг муҳокама этилди.
Тадбирда қатнашчилар замонавий миллий адабиётлардан амалга оширилувчи бадиий таржима ишини фаоллаштириш, хусусан, таржима объектини танлаш, бу ишда миллий адабиётларда яратилаётган янги ва сара асарлар билан яқиндан танишиш имконини яратиш, таглама таржималар билан алмашишни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилишди.