Сайхунобод туманида худди шундай бўлди. Шу ой бошида эълон қилинган мақолада туман давлат санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходими С.Мавлонова ўзига оширилган разряд бўйича 2019 йил 6 сентябрдан 31 декабргача бўлган иш даври учун қўшимча тўлов қилиниши кераклиги ва ушбу тўлов амалга оширилмай келинаётганини айтиб, амалий ёрдам сўраган, натижада адлия аралашуви билан ушбу қўшимча тўлов тўлаб берилган эди.
Аммо, иш шу билан тугамади....
Сайхунобод туман адлия бўлими марказда худди шу қонун бузилиш бўйича мониторинг ўтказганида қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари тиббиёт ходимларининг лавозим маошига меҳнатнинг соғлиқ учун хавфлилиги ва оғир шароитлари учун белгиланадиган қўшимча тўловлар миқдорини тегишинча 15 фоиздан 50 фоизга ҳамда 40 фоиздан 75 фоизга ошириш, меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари бўйича тариф коэффициентини 5 фоизга оширган ҳолда қўллаш орқали уларни моддий рағбатлантириш белгиланган. Мазкур банд талабларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилиши ҳамда моддий рағбатлантириш чоралари 2020 йилнинг 16 мартидан бошлаб, республикада Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирлари расман тўхтатиладиган ой якунига қадар амал қилиши баён этилган.
Сайхунобод туман СEОМда эса бириктирилган ходимларга тегишинча 15 фоиздан 50 фоизга ҳамда 40 фоиздан 75 фоизга ошириш, меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари бўйича тариф коэффициентини 5 фоизга ошириш юзасидан амалий ишлар қилинмаганлиги, янги ходимларга қонунан берилиши лозим бўлган 66 миллион 924 минг сўм маблағи туман молия бўлимидан ажратилмаганлигини аниқланди.
Сайхунобод туман молия бўлимига киритилган тақдимномада ушбу камчиликни қонунда кўрсатилган муддатда бартараф этиш чоралари кўрилиши қатъий тавсия этилди.
- Сайхунобод туман молия бўлими томонидан тақдимномада кўрсатилган бандлар ижро этилди ва туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази хизмат ходимларининг фаолияти соғлиқ учун хавфлилиги ва оғир шароитлари учун белгиланган жами 66 924 минг сўм маблағ тўлаб берилди, - дейилган туман молия бўлими мудири имзоси билан келган жавоб хатида.
Ниҳоят ҳақ жойига қарор топди, С.Мавлонова мурожаати ортидан туман СEОМ ходимлари ўзларига ажратилиши лозим бўлган қонуний қўшимча тўловларини олишди.
Наил Тагиров,
Сайхунобод туман адлия бўлими бошлиғи