Мамлакатимизда бугунги кунда барча соҳаларда улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотлар биринчи навбатта ҳуқуқий жиҳатдан у ёки бу кўринишда расмийлаштирилади. Ислоҳотлар амалга оширилиши жараёнида айрим жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилмаслиги жуда муҳимдир. Шу жиҳатдан, мамлакатимизда ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайтда ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини ошириш соҳасида Адлия вазирлиги томонидан қонун ҳужжатларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, 2021 йилда 1374 та қонун ҳужжатлари лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, шундан 530 та лойиҳалар эътирозлар мавжудлиги ҳамда белгиланган тартибга риоя қилинмаганлиги сабабли қайтарилди. Қайтарилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сони ўтган ҳисобот даврига нисбатан икки баравар кўпайди. Шунингдек, ҳисобот даврида 129 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, юқори турувчи қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаганлиги сабабли 134 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилди.
Хусусан, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ўтган ҳисобот даврига нисбатан 45 % га кўпайди. Бундан ташқари, вазирлик ва идораларнинг 38 та юқори юридик кучга эга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлаштирилмаган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжати бекор қилинди. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган 4 343 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари бекор қилинди.
Шу билан бирга, Адлия вазирлиги томонидан ҳисобот даврида ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммоларни бартараф қилиш ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларин янада таъминлашга қаратилган 81 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилди. Жумладан, вазирлик томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатлар асосида, 5 та давлат хизматлари оптималлаштирилиб, 6 та бепул давлат хизматлари жорий қилинди, давлат хизматлари учун талаб этиладиган ҳужжатлар сони 181 тадан 86 тага камайтирилди. 18 турдаги маълумот ва ҳужжатларни аҳоли ва тадбиркорлардан талаб қилиб олиш талаби бекор қилинди. Интеллектуал мулк объектлари давлат экспертизаси жараёни қисқартирилиб, тезкор экспертиза тартиби жорий қилинди. Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексини аниқлаш тартиби жорий қилинди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолаш тартиби белгиланди.
Давлат органлари ва ташкилотларига электрон тартибда юридик хизмат кўрсатиш имконини берувчи “E-huquqshunos” ягона электрон тизими ишга туширилди. Туман марказидан 100-300 км узоқликда жойлашган ҳудудларда Давлат хизматлари марказларининг 121 та филиаллари ташкил этилди.
Адлия вазирлиги томонидан мурожаатлар билан ишлаш, йўл қўйилаётган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф қилиш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Адлия вазирлиги тизимига келиб тушган жами 60 мингдан ортиқ мурожаатларнинг 82 фоизи қонуний ҳал этилди. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг 68 мингга яқин “Ишонч телефони”га йўлланган қўнғироқлар бўйича малакали мутахассислар томонидан тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Мурожаатларни кўриб чиқиш ҳамда режали назорат тадбирлари якунлари бўйича аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича 11,6 мингта тақдимнома киритилди ҳамда 4,8 минг нафар шахсларни маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланди.
Шунингдек, кўрилган таъсир чоралари натижасида 7,5 минг нафар шахслар интизомий жавобгарликка тортилди, шундан 352 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди ҳамда 7 мингга яқин ноқонуний ҳужжатлар бекор қилинди. Судларга 125,8 млрд. сўмлик 7,8 мингта даъволар (аризалар) киритилиб, 120 млрд. сўмлик 6,5 мингта даъволар (аризалар) қаноатлантирилди.
Вазирлик тизимида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Адлия органлари ва муассасалари фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаатлар деярли икки баробарга камайди.
Адлия органлари ва муассасалари томонидан аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш бўйича 195 мингдан ортиқ ёки ўтган ҳисобот даврига нисбатан
30 фоиздан кўп тарғибот тадбирлари ўтказилди, деб хабар беради Адлия вазирлиги жамоатчилик биалн алоқалар бўлими.