Шу боис, инсон эрки, ҳақ-ҳуқуқи, манфаати, жамият равнақига жиддий раҳна соладиган ушбу глобал муаммога қарши кураш жаҳон ҳамжамиятининг доимий эътиборида. 9 декабрь санасининг Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни сифатида нишонланишидан кўзланган мақсад тараққиёт кушандаси бўлган бу иллат чуқур илдиз отишининг олдини олишда ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдир. Дунё бўйлаб глобал пандемия ҳали-ҳануз давом этаётган шу кунларда инсониятнинг синовларни муваффақиятли енгиб ўтиши, тикланиш жараёнлари ва барқарор келажакка эришишида ҳам бу муаммога қарши курашиш борасида самарали тизим яратилиши муҳ им омилдир. Ана шу жиҳатлар эътиборга олиниб, жорий йил Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни “Виждонан тикланишга эришайлик!” шиори остида нишонланмоқда.
Бу муаммонинг инсон ҳуқуқи ва жамият ривожига салбий таъсирининг олдини олиш халқаро ҳамжамиятнинг ажралмас қисми бўлган мамлакатимиз олдида турган долзарб вазифадир. Шу боис, сўнгги йилларда республикамизда бу йўналишда муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида бугунги кунга келиб коррупцияга қарши курашишда муайян ютуқларга эришилди. Жумладан, ушбу соҳани тартибга солувчи асосий қонун қабул қилинди ва тегишли тузилмалар шакллантирилди.
Бироқ, бу йўналишда эришилаётган натижалар баробарида ечимини кутаётган талай муаммолар ҳам мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Танзила НОРБОЕВА “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳарририга берган интервьюсида буни қандай ўзгартириш, шунингдек, коррупцияга қарши курашишда фуқаролик жамиятининг ролини қай тарзда кучайтириш ҳақида сўзлаб берди.
— Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ ҳозирги ҳолатни қандай баҳолайсиз? Бу борада нималар амалга оширилди?
— Ўзбекистонда коррупцияга қарши сиёсат соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар қилинди. Энг аввало, жамият ва давлат ҳаёти, фаолиятининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий асос шакллантирилди. 2017 йилда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши муҳим қадам бўлди. Қонунда коррупция ва манфаатлар тўқнашуви, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик каби тушунчаларга ойдинлик киритилди, шунингдек, коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ва ушбу соҳадаги давлат сиёсати йўналишлари очиб берилди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг июнь ойида тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунадиган, шунингдек, Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобот берадиган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Агентликнинг ҳам, яқинда ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг фаолияти ҳам қилинаётган ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади, биринчи навбатда, барча соҳаларда коррупциянинг сабаблари ва уни келтириб чиқарган шароитларни бартараф этишга ёрдам беради.
Таъкидлаш лозимки, бундан буён ишлаб чиқиладиган ва амалдаги барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонун ижодкорлиги фаолиятида натижаларга эришган хорижий мамлакатларнинг тажрибасидан фойдаланган ҳолда коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади.
Мамлакатимизда биринчи марта нодавлат сектор ва фуқаролик жамияти вакиллари, халқаро ҳамкорлар, бизнес вакиллари ва кенг жамоатчилик билан мулоқот йўлга қўйилди. Бундай ёндашув, айниқса, ҳамкорликнинг барча даражаларида ишончни мустаҳкамлашда муҳимдир.
— Мутахассислар фикрича, коррупцияни бутунлай йўқ қилишнинг имкони йўқ. Бироқ баъзи экспертлар уни назорат қилиш ҳақида гапирмоқда. Сизнингча, бу гаплар қанчалик асосли?
— Фикримча, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш ҳақида сўз юритиш тўғри бўлади. Келинг, бу ёвуз иллатга қарши курашишни баҳолашда адолатли бўлишга ҳаракат қилайлик.
Унутмаслик керакки, коррупция нисбатан кенг тарқалган ва ўта хавфли жиноий ҳодиса бўлиб, у давлат ҳокимияти ва бошқарувининг асосларини емиради, уларнинг аҳоли ўртасидаги обрўсига путур етказади ва фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига дахл қилади.
Сўнгги йилларда коррупцияга қарши муросасиз курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Жумладан, қуйидаги устувор вазифалар белгилаб олинди: давлат фуқаролик хизматидан ўтишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш; мансабдор шахслар томонидан активлар, даромадлар, йирик харажатлар тўғрисида декларация бериш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш нуқтаи назаридан жиноят, жиноят-процессуал қонун ҳужжатларини тубдан қайта кўриб чиқиш, шунингдек, мувофиқлик дастурларини ишлаб чиқиш, ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берувчиларни ҳимоя қилиш.
Коррупцияга қарши сиёсатни тизимлаштириш ўта муҳим, бу билан мамлакат коррупцияга қарши курашишда стратегик ёндашувни мустаҳкамлайди. Ушбу йўналишда биз бу йўлдан муваффақиятли ўтган мамлакатларнинг халқаро экспертлари билан ишлашни бошладик.
— Жамиятда коррупциянинг барча турларига нисбатан муросасиз муносабатни қандай шакллантириш мумкин?
— Коррупция, биринчи навбатда, бойиш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланишга имкон берадиган ёки бунга йўл қўймайдиган андишалиликнинг ички ҳолатини акс эттиради. Шуни унутмайлик, Жиноят кодексида нафақат пора олганлик ва берганлик, балки уни олишда ва беришда воситачилик қилганлик учун ҳам жазони назарда тутувчи моддалар бор.
Ушбу ҳодисага қарши туришнинг асосий омиллари қаторида мен ҳаракатлар кетма-кетлигини, муросасизликни, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онги даражасини оширишни қайд этаман. Айниқса, ёшлар орасида иш олиб бориш ва уларни коррупцияга қарши кечаётган ислоҳотларга жалб қилишга кўмаклашиш жуда муҳимдир. Ҳар бир фуқаро бу жиноятдан кейин муқаррар жазо борлигини тушуниши керак.
Бундан ташқари, коррупция ҳодисалари иқтисодий ислоҳотларни тарғиб қилишга, инвестицияларни жалб этишга тўсқинлик қилади ва жаҳонда мамлакатимизнинг рақобатдошлигини пасайтиради. Миллий инвестиция лойиҳалари, шунингдек, халқаро молия ташкилотлари томонидан ажратиладиган грантлар доирасида маблағларни мақсадли сарфлаш жараёни устидан назоратни таъминлаш жуда зарур.
Давлат тузилмалари фаолиятида ушбу жараёнларнинг очиқлиги ва шаффофлиги ҳокимиятга бўлган доимий ва асосли ишончни мустаҳкамлайди. Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши қарори билан капитал қурилиш, олий таълим, давлат харидлари ва соғлиқни сақлаш соҳаларида коррупциянинг олдини олиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилди.
Умуман олганда, биз сиз билан қонунлар қабул қилиш, жиддий жазолар қўллаш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш зарурлиги ва коррупцияга қарши курашишнинг бошқа воситаларини қайд этдик, бироқ ҳар биримиз ушбу ҳалокатли ҳодисага нисбатан муросасизликни шакллантирмасак, ўзимизни ўзгартирмасак, барча ҳаракатларимиз кутилган натижа бермайди. Шунинг учун фуқаролик жамияти коррупцияга қарши курашишда муҳим роль ўйнайди. Фуқаролар ҳали ҳам етарли даражада фаол эмаслигини ҳисобга олиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ушбу мураккаб жараёнга фуқаролик жамияти фаолларини жалб қилиш бўйича жиддий иш олиб бормоқда.
Бундан ташқари, лавозими даражасидан қатъи назар (республика, вилоят, шаҳар, туман), содир этилган коррупция ҳолатлари оммавий ахборот воситаларида имкон қадар ёритилиши керак, токи бунинг оқибатлари бошқаларга ибрат бўлсин.
Таъкидлаш жоизки, 2020 йилнинг 9 ойи давомида коррупция ҳолатлари билан боғлиқ 838 та жиноят иши қўзғатилди. Жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг тўрт нафари республика даражасидаги, 15 нафари ҳудудий даражадаги ва 626 нафари шаҳар ва туман даражасидаги раҳбарлардир.
— Нима учун қурилиш, соғлиқни сақлаш, таълим, суд тизими каби соҳалар коррупция ботқоғига энг кўп ботган?
— Ушбу соҳаларда коррупция хавфи юқорилигининг сабаби шундаки, уларда инсон омили, ҳаддан ташқари бюрократия ва маъмурий тўсиқлар кўпроқ. Шу муносабат билан бундай омилларнинг таъсирини нафақат ушбу фаолият соҳасида, балки бошқа ишларда ҳам камайтириш зарур.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бюрократик тўсиқларни камайтириш ва бартараф этишга қаратилган ишларда ҳал қилувчи қадам бўлди. Фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб 70 турдаги лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга 35 та ҳужжат бекор қилинмоқда.
Шунингдек, электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари кўламини кенгайтириш коррупцияга қарши курашишнинг энг кучли воситаларидан биридир. Шу нуқтаи назардан электрон ҳукуматни ривожлантириш муҳимлигига урғу бермоқчиман. Унинг коррупцияни камайтиришдаги салоҳияти ҳали етарли даражага етмаган ва шу сабабли биз жойларда электрон ҳукумат фаолияти механизмидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича ишларни кучайтиришимиз керак.
Коррупциянинг навбатдаги сабаби — айрим давлат органлари ходимларининг нафақат юқорида санаб ўтилган, балки бошқа соҳаларда ҳам ҳуқуқий маданияти пастлигидир. Афсуски, баъзи давлат органлари ходимларининг ҳуқуқий онги ҳали коррупция каби ҳодисага муросасиз муносабатда бўлиш даражасига етмаган.
— Коррупцияга қарши курашишда парламент қандай роль ўйнайди?
— Мамлакатнинг олий сиёсий органи ва назорат инстанцияси сифатида парламентнинг бу жараёндаги роли муҳим. Аввало, бу коррупцияга қарши самарали курашиш учун замонавий ҳуқуқий ва қонунчилик асосларини яратишда намоён бўлади. Қонунларнинг қабул қилиниши, шунингдек, барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши пухта экспертизадан ўтказилиши парламент аъзоларига коррупция хатарларининг олдини олишда натижага эришиш имконини беради.
Давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Олий Мажлис палаталари, уларнинг органлари қарорлари, давлат дастурларининг бажарилиши устидан парламент назоратини кучайтириб бориш Олий Мажлис палаталарининг муҳим вазифасидир.
Бу йўналишда Сенат томонидан вилоят ҳокимлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари ва ахборотларини эшитиш амалиёти йўлга қўйилди.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида адолатга эришиш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари кўтарилиб, мансабдор шахсларнинг турли соҳалардаги фаолиятига баҳо берилмоқда.
Мен ўз фаолиятимда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликка алоҳида эътибор бераман. Ҳам давлат, ҳам хусусий оммавий ахборот воситаларининг аккредитациядан ўтган журналистлари рўйхати кенгайиб бормоқда. Энди ялпи мажлисларни видеоконференцалоқа режимида ўтказиш имконияти борлигини қайд этмоқчиман. Бу факт бизнинг очиқлик ва шаффофлик тамойилига амал қилишимизни яна бир бор тасдиқлайди. Олий Мажлис палаталари фаолиятига электрон парламент тизимининг жорий этилиши мазкур йўналишдаги яна бир ташаббусдир. Ушбу лойиҳа қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш ва парламент назоратини таъминлаш, шу жумладан, коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича парламент ва жамоатчилик ўртасида самарали мулоқот учун қулай восита бўлади.
— Сизнингча, коррупцияга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг вазифаси нимадан иборат?
— Жамият узоқ вақт коррупция муаммосини муҳокама қилмасликка интилди. Давлатимиз раҳбарининг коррупцияга қарши курашишга сиёсий иродасини намойиш этиши давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда ошкоралиги ошишига ижобий таъсир кўрсатди.
Ахборотнинг очиқлиги коррупцияга қарши курашишда асосий омил ҳисобланади, чунки масс-медиа жамият онгига катта таъсир кўрсатади ва хулқ-атворнинг барқарор стереотипларини шакллантиради.
Фикримча, ОАВ нафақат ахборот манбалари сифатида фаолият кўрсатиши керак, балки коррупцияга қарши курашиш тизимининг бир қисмига айланиши ва мамлакатнинг коррупцияга қарши стратегиясини тарғиб қилишда пойдевор бўлиши муҳимдир. Шу нуқтаи назардан, уларнинг ваколатларини кенгайтириш, оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан мустақиллигини мустаҳкамлаш, шунингдек, коррупцияга қарши сиёсат масалаларида ОАВ ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўртасидаги ҳамкорлик усулларини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш зарур.
— Сиз Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашидан ташқари Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашига ҳам раҳбарлик қиласиз. “Бошқарув сифатининг индикаторлари” (унга “Коррупцияни назорат қилиш” киради), “Коррупцияни қабул қилиш индекси” ва “Қонун устуворлиги индекси” (унга “Коррупция йўқлиги” киради) каби кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш мақсадида қандай ишлар қилинмоқда?
— Ўзбекистон коррупцияга қарши курашишда ижобий натижага эришган 16 та мамлакат қаторига киради. Биринчи навбатда, мамлакатимизда ислоҳотлар суръатига баҳо берилади. Таъкидлаш жоизки, “Қонун устуворлиги 2020” индекси бўйича Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида энг катта ютуқларга эришган. Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон умумий рейтингда 0,47 балл билан 92-ўринга кўтарилди. Бироқ одамлар суд-ҳуқуқ тизимидан мамнун, дейишга ҳали эрта. Судларнинг мустақиллигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Ушбу режада судьялар фаолиятига аралашиш ёки уларга мансабдор шахс томонидан ҳар қандай босим ўтказиш ҳолатлари тўғрисида Судьялар олий кенгаши тақдимоти натижаларини Сенатда кўриб чиқиш амалиётини жорий этиш масаласи ўрганилмоқда. Судьяларнинг коррупцияга мойиллигини аниқлаш мақсадида яширин мониторинг ўтказиш режалаштирилмоқда. Мониторинг натижалари ҳар йили Судьялар олий кенгашида муҳокама қилинади.
Халқаро “Transparency International” ташкилоти томонидан тузиладиган индексда Ўзбекистон сўнгги йилларда ўз ўрнини яхшилаб олди, бироқ бу мудҳиш иллатни тўлиқ йўқ қилиш учун ҳали кўп вақт бор. Айни пайтда республика кенгаши давлат органларида коррупция хавфлари пайдо бўлишини мониторинг қилиш ва баҳолаш амалиётини ишлаб чиқиш ва жорий этишни назарда тутувчи 2030 йилгача коррупцияга қарши курашиш бўйича стратегия лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Бу коррупцияга қарши курашиш бўйича қатор индикаторлардан иборат миллий индексга айланади.
Республика кенгаши томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича давлатлар гуруҳларининг халқаро ташкилотига (ГРЕКО) қўшилиш, шунингдек тегишли конвенциялар нормаларини миллий қонунчиликка татбиқ этиш масалалари ўрганилмоқда. Халқаро рейтингларда Ўзбекистон эгаллаган ўринларнинг яхшиланиши бевосита халқнинг турмуши яхшиланиши билан боғлиқ. Халқаро рейтинглар ва индекслар эса мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кўзгуси ва эътироф этилишидир.
— Жамиятимизда коррупцияга қарши кураш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида барча давлат органларида коррупцияга қарши ички назорат «compliance control» тизимини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Бунинг аҳамиятини изоҳлаб берсангиз.
— Compliance-control — қандайдир муносабатлар юзага келганда ҳуқуқий ва молиявий хатарларни баҳолаш ва бошқариш учун ички тизимдир. Энг муҳими, шу йўл билан коррупцияга мойил бўлган фаолият йўналишларини аниқлаш ва таҳлил қилишнинг самарали механизмларини яратиш мумкин. Оддий қилиб айтганда, бу ички хавфсизлик тизими. Афсуски, шу чоққача бизда бундай тизим асосан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида бўлган. Негадир коррупция ҳодисалари фақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида мавжуд, деб ўйланган.
2021 йилдан бошлаб барча давлат идораларида «compliance control» тизимини татбиқ этиш кўзда тутилган. Бунда нафақат ўзининг хавфсизлиги, балки коррупцияга қарши мувофиқлик тизими ҳам ҳисобга олинади.
Кўплаб давлат идораларида бу борада иш бошлаб юборилди, улар ўзлари «compliance control» тизими учун махсус бўлинмалар яратиш ташаббуси билан чиқдилар. Келгуси йилдан бошлаб биз барча вазирлик ва идоралар учун ушбу тизимни татбиқ этиш ва алоҳида «compliance control» бўлимини очишни мажбурий қилмоқчимиз. Токи, бирор ташкилотда ишлашни истаган киши қонундан ташқари қандай ўйин қоидалари борлигини, у ёки бу ташкилотда ишлаш учун қандай мутахассис бўлиши кераклигини билиши учун алоҳида тизимга эга бўлсин.
— Яқинда Вазирлар Маҳкамасининг “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишда бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилди. Унга кўра, коррупция ҳолати ҳақида хабар берган фуқаролар моддий рағбатлантирилади. Сизнингча, бу механизм қанчалик самарали бўлади?
— Агар фуқаролар коррупция ҳолатлари ҳақида ахборотга эга бўлсалар, улар бу ахборотни тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига етказганида, биринчи навбатда, ўз фуқаролик позициясидан келиб чиқишлари керак. Жамият манфаатлари йўлида коррупция ҳолатларини фош қилган кишиларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш муҳимдир. Шу боис, ушбу қарор лойиҳаси коррупция иллатига қарши курашишда халқимизнинг фаоллигини, жамиятдаги ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш, фуқаролик жамиятини кучайтириш орқали муаммонинг илдизини қирқишда яна бир ўзига хос ҳуқуқий асос бўлади, албатта.
Хулоса қилиб айтганда, бугун мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ортга қайтмайдиган тус олди. Бу йўналишда узоқни кўзлаб амалга оширилаётган эзгу ишлар халқимизнинг розилигини олиш, янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдеворини барпо этиш ва тараққиётнинг юксак босқичларига кўтарилишимизда муҳим замин бўлади.
Салим ДОНИЁРОВ суҳбатлашди.