Ҳозирги кунда адолатли ижтимоий йўналтирилган жамият қуриш сари интилаётган мамлакатимиз учун инсонга муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш асосий вазифалардан бири ҳисобланади.
Сўнгги йилларда юртимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилди. Бунинг учун аҳолининг ёрдамга муҳтож, заиф қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фуқароларимизни ишсизликдан ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, ҳудудларимизда камбағалликни қисқартириш ҳамда айрим сабабларга кўра вақтинча ишсиз бўлганларни касбга тайёрлаш борасида ижтимоий ёрдам ва хизматлар сифатини яхшилаш соҳасида жуда кўп ишлар қилинмоқда.
Яқинда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция ҳам халқимиз томонидан ижтимоий масалаларга оид қатор фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилиши натижасида ижтимоий давлат тамойилига оид тегишли нормалар билан бойитилди. У сифатли таълим ва тиббий хизмат, ижтимоий ҳимояланмаган ёки эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш, қулай меҳнат шароитларида ишлаш, адолатли ҳақ олиш, ишсизликдан ҳимояланиш, ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларни уй-жой билан таъминлашга қаратилган қоидалар билан янада такомиллаштирилди.
Янги Бош қонунда давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар 3 баробар кўпайди. Жумладан, пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдамлар миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди. Бу дегани, 2 миллион 200 минг эҳтиёжманд оила давлатдан кафолатли моддий ёрдам олади. Бу жами оилаларнинг 25 фоизига тўғри келади, уларга ҳар йили 11 триллион сўм ажратилади. Ўтган йили 50 минг оила учун янги квартира олишга шароит яратиб берилди. Бу йил 90 минг оилани уй-жойли қилиш марраси олинган. Яқин 2-3 йилда бу рақамни 200 мингга етказиш устида ишланмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон ижтимоий давлат экани қайд этилди. “Ижтимоий давлат” ғояси мазмун-моҳияти Конституцияга киритилаётган қатор бошқа нормаларда ҳам ўз ифодасини топган.
Ижтимоий давлат ҳар бир инсон учун фаровон турмуш даражаси, хусусан, сифатли таълим, кафолатли тиббий хизмат, муносиб меҳнат шароити ва адолатли иш ҳақи, пенсия ва нафақалар, ижтимоий ёрдам ва хизматлар тизими яратилган, уй-жойга эга бўлиш шароити мавжуд бўлган, ижтимоий тафовутлар юмшатилган, мувозанатлашган, ҳеч бир фуқаро ўз муаммолари билан ёлғиз қолмайдиган адолатли давлатдир.
2022 йилнинг 20 декабрь куни Президентимиз Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида ҳам ушбу масалага эътибор қаратган ҳолда: “Биз янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуришни мақсад қиляпмиз. Буни Конституцияда мустаҳкамлашимиз керак”, деганди.
Ушбу қўшимчалар натижасида нималар ўзгаради?
Биринчидан, ишсизликдан ҳимоя қилиш чораларини кўриш ва бандликни таъминлаш мақсадида касбга тайёрлаш тизими ташкил этилиши натижасида фуқароларни иш билан таъминлаш шароитлари яратилади.
Иккинчидан, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича зарур иқтисодий шароитлар яратилади (ижтимоий уйлар қуриш, субсидиялар ажратиш ва ҳ.к.).
Учинчидан, барча учун тез ва шошилинч тиббий ёрдамни ҳам ўз ичига оладиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми давлат ҳисобидан кўрсатилиши белгиланиши тиббий хизмат билан қамров даражаси ва сифатини оширади.
Тўртинчидан, алоҳида эҳтиёжларга ва индивидуал имкониятларга эга болалар учун инклюзив таълим ташкил этилиши натижасида уларнинг ривожланаётган қобилиятини ва ўз индивидуаллигини сақлаб қолиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш принципи амалда ишлаши таъминланади.
Бешинчидан, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига ижтимоий соҳаларда бошқалар билан тенг имкониятлар яратилиши натижасида уларнинг ҳаёт сифати ва даражасини оширишга эришилади.
Олтинчидан, давлат томонидан иқтидорли ва истеъдодли болалар ва ёшлар тизимли қўллаб-қувватланиши уларга ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятини тақдим этади.
Юртимизда моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларга ёрдам бериш, вақтинча ишсиз хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” ташкил этилди. Ижтимоий соҳадаги муҳим чора-тадбирлардан яна бири пенсияга чиқиб, ишлаётган пенсионерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат томонидан уларга юз фоиз пенсиясини тўлаб бериш тизими жорий этилганидир. Охирги олти йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта ёки аввалги йиллардагига нисбатан 10 баробар кўп уй-жой қурилди. Масалан, Тошкент шаҳрида 1991-2016 йилларда 77,2 мингта хонадонли 1 287 та кўп қуватли уй қурилган бўлса, 2017-2022 йилларда 134 мингта хонадонли 1 481 та шундай уй бунёд этилган.
Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича сўнгги йилларда тизимли ишлар амалга оширилди. 2020 йилдан ижтимоий ҳимояга муҳтож оила қизларига олий таълимга ўқишга кириш учун 4 фоиз квота жорий этилди. 2022-2023 ўқув йилидан олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактини тўлаш учун фоизсиз таълим кредитлари бериш йўлга қўйилди. Магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг шартнома тўловларини давлат томонидан қоплаш тартиби белгиланди. Ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум талаба хотин-қизларнинг таълим шартномаларини маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаш тартибига ўтилди. Юқорида санаб ўтилган ишлар ижтимоий йўналишдаги ислоҳотларнинг бир қисмидир.
Бундай ўзгариш ва янгиланишлар кўлами қабул қиланаётган стратегик хужжатлар ва давлат дастурларида мунтазам давом этади.
2022 йил 28 январь куни Президентнинг “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унда “Инсон қадри учун” тамойили асосида етти йўналишда 100 та мақсад белгилаб олинди. 100 та мақсаддан 34 таси бевосита ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилгани ҳам мамлакатимизда ижтимоий давлат ғояси илгари сурилаётганига яққол мисолдир.
Тараққиёт стратегиясида инсон қадрини улуғлашга йўналтирилган ижтимоий ҳимоя сиёсати бўйича қатор вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, 2026 йилга қадар эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олиш, биринчи — тўртинчи синф ўқувчиларини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул овқат (нонушта ёки тушлик) билан таъминлаш, 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдорини пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача ошириш, аёлларга пенсия ҳисоблашда уларнинг болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтининг ҳаммасини жамлаганда иш стажига қўшиб ҳисобланадиган 3 йиллик даврни 6 йилга ошириш ҳамда болаликдан ногиронлиги бўлган болаларга 18 ёшгача қаралган даврни пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисоблаш шулар жумласидандир. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга жиноят ишлари билан бир қаторда фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш вазифалари қатъий белгилаб олинди.
Мазкур ҳужжатда аҳоли учун мажбурий ижтимоий кафолатларни таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш қайд этилди. Унда, хусусан, аҳолининг муҳтож қисмини замонавий протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш даражасини 60 фоизга етказиш, мажбурий ижтимоий кафолатлар бўйича қонунчиликни тизимлаштириш ва такомиллаштириш, белгиланган ижтимоий ҳимоянинг қатъий таъминланишини назорат қилиш, мажбурий ижтимоий кафолатлардан, шу жумладан, ижтимоий ҳимоя турларидан фойдаланиш имкониятини соҳани рақамлаштириш ҳисобига кенгайтириш, ушбу жараёнига очиқлик ва шаффофлик тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш қатъий белгиланди.
Жорий йилнинг 28 февраль куни Президентнинг “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур давлат дастурида ҳам аҳолини ижтимоий тарафдан қўллаб-қувватлашга оид қатор вазифалар белигилаб олинган.
Бу йилги давлат бюджетида 130 триллион сўм (жами харажатларнинг салкам 50 фоизи) ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. Жорий йилнинг ўзида ёшларни ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга 6,6 триллион сўм ажратилиши режалаштирилган, ушбу мақсадларга ажратилаётган маблағ ўтган йилдагига нисбатан 1,5 баробар кўп.
Шу билан бирга, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари (ногиронлиги бўлган шахслар, оғир беморлар, кексалар ва бошқалар)га миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги давлат хизматларини доимий яшаш ёки вақтинча турган жойига чиқиш орқали кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатиш йўлга қўйиш борасидаги вазифалар ҳам белгиланди.
Ҳужжатда, шунингдек, ногиронликни белгилашда фуқароларга қўшимча енгилликлар яратиш мақсадида 2023 йил 1 апрелдан бошлаб ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган, шунингдек, нохуш клиник прогнозга эга касалликлар ва асоратларда фуқароларнинг иштирокисиз белгилаш қайд этилди.
Бундан ташқари, “Янги Ўзбекистон” массивларини ривожлантириш ва аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 2023 йилда ана шундай массивлар ва 161 та бошқа жойда, жумладан, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан янги уй-жойлар қуришнинг йиллик ҳажмлари 1,6 баравар оширилиб, 90 мингга етказилади. Бунда уй-жой ҳамда ижтимоий ва савдо объектларини лойиҳалаштириш ва қуришда автотранспорт воситалари тураргоҳлари, шу жумладан, кўп қаватли ва ерости автотураргоҳлар мажбурий равишда барпо этилиши таъминланади. 32 минг фуқарога бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари, шунингдек, 11 минг фуқарога бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга субсидиялар ажратиш учун давлат бюджетидан етарли маблағ йўналтириш, аҳолини бозор тамойиллари асосида ипотека кредитлари орқали уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби доирасида мулк ҳуқуқи асосида уй-жойга эга бўлмаган фуқаролар учун Тошкент вилоятида тажриба-синов тариқасида “Менинг биринчи уйим” дастурини амалга ошириш каби устувор вазифалар белгилангани уй-жойга эҳтиёжманд аҳолини давлат тарафидан қўллаб-қувватлаш йўлидаги фаолиятнинг узвий давомидир.
2023/2024 ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилиши кўп мингли ота-оналар ва ўқитувчилар учун қувонарли бўлди. Зеро, соғлом ва баркамол авлодгина олдимизга қўяётган катта-катта марраларга эришишда камарбаста бўлади.
Аҳоли саломатлигини асраб-авайлаш борасида ҳам қатор вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, 2023 йилда 30 та оилавий поликлиника, 110 та оилавий шифокор пункти ва 520 тагача ихчам маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилади. Шунингдек, 18 — 40 ёшли 12,6 миллион аҳолини профилактик кўрикдан ўтказиш, 40 ёш ва ундан катта ёшдаги сурункали касаллиги бўлмаган 6,3 миллион кишини юрак қон-томир касалликлари ва қандли диабет, 3 миллион аҳолини онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скрининг текширувлардан ўтказиш бу борадаги амалий ишларнинг давоми бўлади. Шу билан бирга, спинал мушак атрофияси билан касалланган 112 болани дори-дармон билан таъминлаш ҳамда заиф эшитувчи 250 дан ортиқ болада кохлеар имплантация операциялари ўтказиш, бундай операциялар ўтказилган 132 болада нутқ процессорларини алмаштириш чораларини кўриш савобли ва меҳрли ишларнинг бир қисми сифатида белгиланди.
2023 йил якунига қадар ногиронлиги бўлган шахсларни амбулатор ва стационар шароитда бепул тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари билан қамраб олиш кўламини 30 минг нафарга етказиш белгилангани ҳам инсон қадри учун юритилаётган давлат сиёсатининг намунасидир.
Давлат дастурида оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 75 минг нафар ишсиз хотин-қизни давлат ҳисобидан меҳнат бозорида талаб юқори касб-ҳунарларга ўқитиш вазифаси белгиланган эди. Ушбу банд ижросини таъминлаш мақсадида 77 минг 963 хотин-қизнинг манзилли рўйхати шакллантирилди. Рўйхат асосида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос драйверидан ҳамда хотин-қизларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, январь-март ойлари давомида туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш марказлари йўлланмаси орқали 21,6 минг хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитишга жалб қилинди.
Юқоридагилардан кўринадики, Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг асосий мақсади инсонни рози қилиш, бахтли қилишга қаратилга. Зеро, халқимиз эртага ёки келажакда эмас, бугун фаровон турмуш кечиришга лойиқ.
Анваржон МИРКОМИЛОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
бўлим бошлиғи