Лойиҳа юзасидан қуйидаги имкониятлар яратилмоқда.
Биринчидан, жиноят ишларида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш механизми жиноят-процессуал қонунчилик ҳужжатларида белгиланган. “Бепул юридик ёрдам тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ушбу механизм такомиллаштирилиб, жиноят ишлари билан бир қаторда фуқаролик, маъмурий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш белгиланмоқда.
Шу билан бирга, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон тизим орқали танлаш, бу борада инсон омилини бартараф этиш (“чўнтак адвокатлар” амалиётига барҳам бериш), адвокатлар ва давлат органлари ўртасида қоғозбозликни камайтириб, электрон воситалар ёрдамида маълумот алмашиш тизимини йўлга қўйиш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тезкорлик билан ҳимоя қилиш назарда тутилмоқда.
Иккинчидан, Лойиҳада давлат ҳисобидан молиялаштириладиган иккиламчи бепул юридик ёрдам фақат Иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатлар реестрига киритилган адвокатлар томонидан кўрсатилиши белгиланмоқда. Бундан мақсад барча адвокатларни бепул юридик ёрдам кўрсатишга мажбурий жалб қилмасликдир. Яъни, исталган адвокат ихтиёрий равишда Бепул юридик ёрдам маркази билан шартнома тузади ва Реестрга киритилади. Бепул юридик ёрдам маркази фақатгина Марказ билан ўз ихтиёрига кўра шартнома тузган ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш учун розилик билдирган адвокатнинг иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятини мониторинг қилади.
Бироқ, давлат ҳисобидан молиялаштириладиган бепул юридик ёрдам фақат Реестрга киритилган адвокатлар томонидан амалга оширилиши, бошқа адвокатларнинг бепул, ихтиёрий беғараз юридик ёрдам кўрсатишини чекламайди.
Хусусан, Лойиҳага кўра, адвокат адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган адвокатлик фаолиятининг исталган тури бўйича бепул, беғараз, ихтиёрийлик асосида юридик ёрдам (pro bono) кўрсатишга ҳақли.
Бундан ташқари, давлат органлари ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиши, мазкур органларнинг вазифа ва функцияларини белгилаб берувчи бошқа қонунчилик ҳужжатларида ўз ифодасини топган.
Учинчидан, Лойиҳага кўра, иккиламчи бепул юридик ёрдам учун адвокатга тўланадиган тўловлар давлат томонидан молиялаштирилади. Бепул юридик ёрдам учун ажратилган давлат бюджети маблағларининг самарали сарфланишини назорат қилиш давлат органининг вазифасига киради.
(Маълумот учун: 2020 йилда адвокатлар томонидан жиноят ишлари бўйича тайинлов асосида 31 469 марта юридик ёрдам кўрсатилган бўлиб, давлат ҳисобидан 18 251 272 139 сўм маблағ ажратилган).
Шу билан бирга, мазкур тартиб жаҳон тажрибасида ҳам кенг қўлланилади, АҚШ, Исроил, Голландия, Буюк Британия, Финляндия, Австралия, Канада, Франция, Германия, Швеция, Болгария, Венгрия, Польша, Руминия, Словакия, Чехия, Литва, Латвия, Эстония, Россия, Грузия, Молдова, Украина, Россия ва Қирғизистонда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишни ташкил этиш ва бошқариш алоҳида марказ, бюро, кенгашлар томонидан амалга оширилади. Аксарият давлатларда ушбу тузилмалар Адлия вазирлиги ҳузурида ташкил этилган.
Юқоридагиларга кўра, Ўзбекистон Республикаси “Бепул юридик ёрдам тўғрисида”ги қонунининг қабул қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояга бўлган ҳуқуқларининг конституциявий кафолатини кучайтиришга, кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш механизмларининг қонуний йўлга қўйилишига хизмат қилади.
Адлия вазирлиги
матбуот хизмати