Масалан, жорий йил 14 март куни Афғонистонда инглиз тилида чоп этиладиган «The Kabul Times» газетаси саҳифасида босилиб чиққан «Ўзбек пахтасига қўйилган глобал бойкот олиб ташланди» сарлавҳали мақолада “Cotton Campaign” халқаро коалицияси ўзбек пахтаси ва тўқимачилик саноати маҳсулотларига нисбатан жорий этилган бойкот тугатилганини эълон қилгани билан боғлиқ тафсилотлар газетхонлар эътиборига ҳавола қилинди.
Унда, жумладан, “яқинда “Cotton Campaign” халқаро коалицияси раҳбари Беннет Фриман раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюриб, ўзбек пахтаси ва тўқимачилик саноати маҳсулотларига нисбатан жорий этилган бойкот олиб ташланганини билдирди”, деб ёзади «The Kabul Times».
Нашр Ўзбекистонда пахта йиғим-теримидаги мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам берилгани ҳамда бу йўналишда эътиборга молик янги ислоҳотлар амалга оширилаётгани бойкотни олиб ташлашга замин бўлганини маълум қилган.
Мақолада ўзбек пахтасидан бойкотнинг олиб ташланиши, биринчи навбатда, тўқимачилик саноатида фаолият кўрсатадиган дунёнинг етакчи корхоналари Ўзбекистон бозорига кириб келиши учун имкон яратгани, шунингдек, пахта саноати соҳасида кўплаб иш ўринлари яратилиб, аҳолининг бандлиги даражасининг оширилишига хизмат қилиши ҳам алоҳида таъкидланган.