Тадбирда Х.Хасилов «Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар» темир йўлини қурилиши минтақа давлатлари, хусусан, Марказий Осиё ҳамда Афғонистон мамлакати учун йирик истиқболли, иқтисодий жиҳатдан катта фойда бўладиган лойиҳа эканлигини таъкидлаб, тезроқ ушбу қурилишни амалга ошириш ва бу йўналишда юк ташишни таъминлаб, Ўзбекистон дохил қўшни давлатларни темир йўл орқали Покистон бандаргоҳларига чиқишини амалга ошириш зарурлигини қайд этди. Шу билан бирга Афғонистон учун ҳам кенг қамровда транзит имкониятларини яратиб, ушбу мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига, хусусан, темир йўлларини тез орада тараққий этиб кетишига сабаб бўлишини таъкидлади. Бунинг учун «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан яқин қўшнимиз бўлган Афғонистон темир йўлларига зарур бўладиган барча ёрдамларни беришга тайёрлигини айтиб ўтди.
Ўз ўрнида Афғонистон темир йўллари бош директори Бахт Ул-Рахмон Шарофат ҳам Х.Хасиловга қабул учун самимий миннатдорчилик билдириб, яқин қўшни ва биродар халқ бўлган Ўзбекистон билан Афғонистон алоқалари ҳар томонлама ишончли ривожланаётганидан мамнун эканлигини айтиб ўтди. Бу айниқса, транспорт-коммуникация тизимидаги узоқ йиллик ишончли ҳамкорлик янада ривожланишига катта умид билдирди.
Учрашувда шунингдек, Афғонистон темир йўллари раҳбари афғонистонлик ёшларни Ўзбекистонда таҳсил олишини янада кўпайтиришда ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини ҳам айтиб ўтди, деб хабар беради «Oʼzbekiston temir yoʼllari» АЖ матбуот хизмати.
Маълумки, Афғонистонда дастлабки темир йўл линиясининг фойдаланишга топширилиши 2011 йилга тўғри келади. Шунда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан қўшни давлатда 75 километрлик «Ҳайратон – Мозори-Шариф» темир йўл участкаси қуриб берилган эди. Бугунги кунда ушбу участкани эксплуатация қилиш ишлари «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг «Согдиана Транс» шўъба корхонаси мутахассислари томонидан хизмат кўрсатиляпти.